24 Февраль 2021 697

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби томонидан жорий йилнинг 18 февраль куни ташкил этилган “Фуқаролик кодекси лойиҳаси муҳокамада: ютуқлар ва кутилаётган натижалар” мавзусидаги илмий-назарий конференцияда янги таҳрирда тайёрланган фуқаролик кодексининг қизғин муҳокамаси бўлиб ўтди.

Конференция очиқ мулоқот тарзида ўтказилиб, унда таниқли ҳуқуқшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар, тажрибали мутахассислар амалдаги Фуқаролик кодексида мавжуд муаммолар ва уларнинг янги таҳрирда қабул қилинадиган кодекс лойиҳасидаги ечимлари ҳақида фикр-мулоҳазалар билдиришди.

Амалдаги Фуқаролик кодексида мулк ҳуқуқи атрофлича ёритилган бўлишига қарамасдан, кодексдаги нормалар бугунги кун талабларига етарлича жавоб бермайди.

Конференцияда амалиётдан келиб чиққан ҳолда Фуқаролик кодексидаги учта муҳим институт, хусусан, инсофли эгалловчи, ашёвий ҳуқуқ ва форс-мажор тушунчасини такомиллаштириш ҳақида атрофлича фикр юритилди, таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф–5464-сон фармойиши билан фуқаролик қонунчилигини янада такомиллаштиришнинг асосий устувор йўналишлари, концепцияси ҳамда фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссия таркиби тасдиқланган бўлиб, комиссияга янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ва фуқаролик қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган эди.

Мазкур фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан Франция, Польша, Германия, Россия мамлакатларидан экспертлар жалб қилиниб, хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Авваламбор мавжуд нормаларни тизимлаштириш ва мулк ҳуқуқи кафолатларини янада кучайтириш, қолаверса кодексни тўғридан-тўғри амал қилувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатга айлантириш мақсадида унга бир қатор қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.

Жумладан, амалдаги кодексда мулк ҳуқуқи ҳамда бошқа ашёвий ҳуқуқлар биргаликда акс эттирилган бўлса, эндиликда мулк ҳуқуқига оид моддалар бирлаштирилиб, алоҳида 11-бобда акс эттирилди. Бунда мулкдор бўлмаган шахсларнинг ашёвий ҳуқуқларининг мазмуни ушбу бобдан чиқариб юборилди, чунки мазкур моддада ашёвий ҳуқуқларнинг тўлиқ рўйхати берилмаган. 

Бундан ташқари, ашёвий ҳуқуқларнинг ҳар бир турига янги таҳрирдаги кодексда алоҳида моддалар бағишланган бўлиб, уларда тегишли муносабатлар, хусусан ашёвий ҳуқуқларнинг тугатилиши, бошқага ўтиши ва ҳимояси тартибга солинган.

Мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш мақсадида, янги таҳрирдаги кодексга мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи фақат мазкур Кодексда назарда тутилган асослар бўйича мажбуран тугатилиши мумкинлиги белгиланди. Бунда мулк ҳуқуқи дахлсизлигига доир ҳар қандай асосларни фақат мазкур кодексда кўрсатиб ўтиш тадбиркорлик фаолиятининг ривожланишида ҳамда иқтисодиёт тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этади.

Кодексдан “Мулк шакллари” тушунчаси чиқариб ташланиб, мулк тушунчаси ягоналаштирилди. Мулк шаклларининг ўрнига мулк ҳуқуқи субъектлари кўрсатилди. Бундай субъектлар қаторига жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан давлат ҳам киритилди. 

Юқорида кўрсатилган ўзгартириш киритилаётган жараёнда фуқаролик қонунчилигида мулк, унинг субъекти ким бўлишидан қатъий назар бир хил ҳуқуқий мақом ва ҳимоя механизмларига эгалиги, шунга кўра амалий жиҳатдан мулкни шаклларга ажратиш ҳеч қандай фойда бермаслиги, аксинча, чет эл инвесторларида шубҳа туғдириши мумкинлиги инобатга олинди.

Бундан ташқари, мол-мулк фуқаро, юридик шахс ёки давлатнинг мулки бўлишига қараб мулк ҳуқуқини, мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ҳамда уни тасарруф этиш ҳуқуқини вужудга келтириш ва бекор қилиш хусусиятлари қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилиши ҳақидаги норма чиқариб ташланди, чунки фуқаролик ҳуқуқий муносабатларда давлат номидан унинг органлари юридик шахс сифатида иштирок этишини ва фуқаролик муносабатлари тарафлари тенг ҳуқуқлилигини инобатга олиб, тегишли аниқлаштириш киритилди, яъни янги таҳрирдаги кодексда мулк ҳуқуқининг вужудга келиши ва бекор бўлишининг якуний асослари белгилаб берилди. 

Мазкур ҳолатларни тартибга солишни бошқа қонун ҳужжатларига ҳавола қилиш мулк ҳуқуқининг чекланишига, инвесторларда мол-мулкни ҳимоя қилиш ҳуқуқий тизимига ишончсизлик пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Янги таҳрирдаги кодексда, ер (ер участкаси) мулк ҳуқуқи объекти сифатида акс эттирилган бўлиб, унинг мақоми ва бошқа битимлар объекти бўла олишлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Жумладан, янги таҳрирдаги кодексга кўра ер участкаси мулкдори, агар қонунда бошқа ҳол белгиланган бўлмаса ва бу бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузмаса, ушбу участка устида ва остида жойлашган ҳар қандай нарсани ўз ихтиёрига кўра ишлатиши мумкин. Ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи уни мақсадли ишлатиш талаби, шунингдек экология ва табиий муҳитни ҳимоя қилиш қоидалари билан чекланиши мумкин. Ер участкасининг мулкдори ва унда жойлашган кўчмас мулкнинг мулкдори битта шахс бўлган тақдирда, ер участкасини ундаги кўчмас мулк объектисиз бегоналаштиришга йўл қўйилмайди. 

Давлатнинг мулкидаги ер участкасида жойлашган кўчмас мулкнинг эгаси ушбу ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига эга сабаби “Қишлоқ хўжалигига мўлжалламаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонундан келиб чиқиб, хусусий мулкдаги ер участкасининг ягона мулк модели жорий этилди. 

Бундай қоида ерга хусусий ҳуқуқ мавжуд бир қатор МДҲ давлатлари ва ГФР, Франция, Бельгия каби давлатлар фуқаролик кодексларида мавжуд.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech