5 Февраль 2024 274

Жорий йилнинг 30-31 январь кунлари Тошкент шаҳридаги “Radisson-Blu” меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий Кенгаши ва ХННТ “Минтақавий мулоқот” (Словения)нинг Ўзбекистондаги филиали ташаббуси билан халқаро экспертлар иштирокида “Асосланган гумон, судгача озод қилиш ва қамоққа олиш” мавзусида юзма-юз мулоқот шаклидаги семинар бўлиб ўтди.

 

Аввал  хабар  қилганимиздек  жорий йилнинг 30-31 январь кунлари Тошкент шаҳридаги “Radisson-Blu” меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ва Словениянинг “Минтақавий мулоқот” ХННТ Ўзбекистондаги филиали ташаббуси билан халқаро экспертлар иштирокида “Асосланган гумон, судгача озод қилиш ва қамоққа олиш”  мавзусида ўзаро мулоқот шаклидаги семинар бўлиб ўтган эди.

Қуйида Судьялар олий мактаби Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курси тингловчиларининг ушбу халқаро семинарда олган таассуротлари билан танишасиз.          

Ўтказилган тадбирда, шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, озод қилиш ва тинтув ўтказишга санкция беришда хорижий давлатлардаги амалиёт бўйича анча билимларга эга бўлдик. Хусусан, Словениянинг жиноят-процессуал қонунчилигига кўра, тинтув тергов ёки тезкор-қидирув ҳаракати ўтказиш учун судга келтирилган илтимоснома “Afidavit” бўйича судья аввало тинтув ҳаракати ўтказилиши лозим бўлган ҳолатларни ва гумонларни кўриб чиқиш билан бирга ушбу тергов ёки тезкор-қидирув тадбирини ўтказувчи ходимнинг иш фаолияти, жиноятларни очиш борасидаги тажриба (репутация)сини ҳам инобатга олиши  зарур экан. 

Бундан ташқари, судья томонидан айнан тинтув ўтказиш учун асос бўлаётган ҳолатлар ёки гумоннинг асосланганлиги эътиборга олиниши, судья тинтув ҳаракати ўтказишга розилик беришдан олдин масъул ходимнинг “Ёлғон гувоҳлик берганлик учун огоҳлантирилдим” мазмунидаги қасамёдини олиши Словения қонунчилик ҳужжатларида мустаҳкамланган.

Шу каби кўпгина жиҳатлар биз эндигина суд тизими остонасидан  ҳатлаётган бўлажак  судьялар учун жуда қизиқарли бўлди.

Судьялар олий мактаби тингловчиси Ахбутаев Элбек Бакирович

 

Бизнинг  судлов тизимимиз учун  “суриштирув судьяси”  институти янгилик ҳисобланади. Чунки бугунги мамлакатимиз судлов тизимида  бундай ловозим жорий қилинмаган.  Аммо  хорижий судлар амалиёти учун бу узига хос институтдир. Мисол учун Словения суд тизимида  суриштирув судьяси ўзи қамоққа олишга санкция берган шахслар билан ҳар хафтада камида бир марта улар сақланаётган муассасага бориб учрашиши, уларнинг сақланиши қонунийлиги, овқатланиши, соғлигининг холати ва бошқа ҳуқуқларининг таъминланаётганлиги ҳақидаги ариза-шикоятларини қабул қилиши мумкин.  Бизнинг судлов амалиётимизда  бу  вазифа прокурорлар зиммаларига  юклатилган. Бундан ташқари  Словения жиноят-процессуал қонунчилигига кўра, шахсга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш билан боғлиқ санкция берилишида, гумонланувчинг шахсидан ташқари, унинг айблилигига гумонни тасдиқловчи ва асословчи битта бўлса ҳам далил келтирилганлигининг инобатга олиниши,  агар гумонни асословчи далил келтирилмаса гумон қилинувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўллашни рад қилиши мумкин экан. Ана шу жиҳатлари бизнинг қонунчилигимиз билан ҳамоҳанг.  Янгиланган  Конституциямизда ҳам инсон манфаатларининг бирламчи ўринга қўйилганлиги, ҳатто  инсон ўз  айбига иқрор бўлса ҳам унга қарши бошқа далил бўлмаса уни айблаб бўлмаслиги каби меъёрлар  киритилганлиги одил судловни  таъминлашда катта воқелик бўлди дейиш  мумкин.  Семинар давомида  шу  каби  кўплаб  миллий  ва  хорижий  судлов тизимидаги  фарқли  ва бир хил жиҳатларни англаб олдим.

 

Судьялар олий мактаби тингловчиси Раимова Шохсанам Ғайратжоновна

 

-Янгиланган  Конституциямизга Хабаес  корпус институти киритилди. Унда   шахс  айби  исботланмасдан 48 соатдан ортиқ ушлаб турилиши  мумкин эмаслиги баён қилинган.  АҚШда  эса агар шахс жиноят содир қилганликда гумон қилинувчи сифатида ушланган пайтдан бошлаб, 48 соатдан  ортиқ ушлаб турилганлиги масаласи муҳокама қилинмасдан қамоқ билан боғлиқ эҳтиёт чораси қўлланиши мумкин экан.  Шунингдек,  АҚШ ва Словениянинг жиноят-процессуал қонунчилигига кўра, шахсга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида судья томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилса ушбу эҳтиёт чораси дастлабки тергов жараёнида прокурорнинг розилиги билан терговчи томонидан бошқа турдаги енгилроқ эҳтиёт чорасига ўзгартирилиши мумкин эмас бу масалада прокурор эҳтиёт чорасини ўзгартириш юзасидан судга қайта илтимоснома киритиши ва суд рухсат берган ҳолда шахсга нисбатан олдин қўлланилган эхтиёт чораси енгилроғига алмаштирилиши мумкин. 

 АҚШ ва Словенияда тезкор-қидирув фаолиятини ва тергов ҳаракатларини амалга оширувчи органлар кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда тинтув ва бошқа санкция талаб қилинадиган тергов ҳаракатларини ўтказиш учун судьяга қўнғироқ қилиб, ҳолатни тўлиқ тушунтириб, телефон орқали санкция олиши, тадбирдан сўнг 24 соат ичида ушбу қарор шаклида расмийлаштирилиб, санкция учун судга тақдим қилиниши  ёки шахсга нисбатан қамоқ тариқасида эҳтиёт чораси қўлланилганидан сўнг, шахсни қамоқда сақлаш муддати икки йилгача ёки алоҳида ҳолларда ундан ҳам ортиқроқ вақтгача  чўзилиши ҳам  мумкин.

Бундан  ташқари  АҚШда шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги илтимосномани кўриб чиқиш жараёнида судьяга “Сунъий интеллект”га асосланган компьютер тизими ёрдам бериши ва у ерда  тергов судьялари ҳузурида махсус полиция мавжуд бўлиб, санкция ёки ордер берилиши лозим бўлган шахс ҳақида судьяга батафсил ахборот тайёрлаш унинг ваколатига кириши, судья қарор қабул қилиши учун ушбу ахборотга  таяниши  каби ҳолатлар мен  учун янгилик бўлган жиҳатлардан бири бўлди дейишим  мумкин.

 

Судьялар олий мактаби тингловчиси Яхшибоева Лайло Панжиевна

 

Қилган  жиноятлари  учун озодликдан  маҳрум  қилоинган  шахслар  ва  уларни  сақлаш  билан боғлиқ  фарқли жиҳатлар ҳам  менинг  диққатимни ўзига  тортди.  Мисол  учун   Америка суд тизимида судга қадар қамоққа олинганлар суд тизимидаги муассасаларда сақланиб, махбуслар устидан назорат суд ижрочилари томонидан олиб борилар экан.  Словенияда эса бу муассасалар адлия органлари тизимидан  ўрин олган. Бизда  эса  бу  вазифа  ИИВ тергов ҳибсхоналари  ва  ЖИЭД тизимлари  зиммасига  юклатилган.  Бундан  ташқари  Словенияда қамоққа олинган шахснинг ижтимоий хавфлилик даражаси юқори бўлган тақдирда унинг нафақат қўлига, балки оёқларига ҳам кишан солишар экан. Ёки бўлмасам  қамоққа олишга санкция бериш ҳақидаги биринчи инстанция суди қарорининг устидан биздан фарқли ўлароқ АҚШда аввал округ судига, ундан ҳам норози бўлса,  апелляция судига ва  ундан сўнг Олий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи  мавжуд  экан.

Хулоса қиладиган бўлсам семинар давомида муҳокама қилинган масалалар бўйича АҚШ ва Словения қонунчилигининг миллий қонунчилигимиз билан айнан бир хил, ўхшаш ва кескин фарқ қилувчи жихатларини ўргандик.

Ушбу семинарда олган билим ва амалий кўникмалар келгуси фаолиятимизда жуда фойдали бўлади.

 

Судьялар олий мактаби тингловчиси Шарипова Наргиза Жураевна

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech