7 Февраль 2024 1124

Судьялик: лаёқат, масъулият ва ҳалоллик

"Адл айлаки, ул халқ ҳаёти бўлмиш, Хуш ул кишиким, адл сифати бўлмиш”, дейдилар ҳазрат Алишер Навоий. Яъни,  адолатли бўлгин, чунки ҳаётнинг бош мезони шу, зотан, инсон айни шу сифати (адолатли одил, холислик) сифати билан гўзал, ҳисобланади. Ҳазрат бу билан барча инсонларни адолатли бўлмоққа даъват этаётани тушунарли. Бироқ ушбу мисра биринчи навбатда судьяларга тааллуқлидир. Негаки, судьянинг фаолиятига у қанчалар адолатли эканидан келиб чиқиб баҳо берилади, бундан бошқа мезон йўқ. Зотан, ҳаётнинг бош маъноси, тараққиётнинг таянч нуқтаси адолат ҳисобланади.

  “Ҳукми элнинг моли ва жонига тааллуқли экан, қозининг шиори  тўғрилик ва адолат бўлмоғи лозим.”, дея таъкидлайди Навоий ҳазратлари “Маҳбуб ул-қулуб” асарида. Сўнг давом этадики: “Қозининг кўнгли дин илми билан тўла, дунёвий билимлардан хотири хабардор бўлиши керак. Хамирида (табиатида) шахсий манфаатга майл бўлмаслиги, соф кўнгли иккиюзламачилик иллатидан холи бўлиши лозим. ... у ҳукм вақтида ошнога ҳам, бегонага ҳам бир савияда қарамоғи лозим”. Бунинг учун эса Давлатимиз раҳбари қайд этганидек: “Судьянинг онгида – адолат, тилида-ҳақиқат, дилида-поклик бўлиши керак”.

Бундай талабга жавоб бериш учун судьянинг профессионал салоҳияти ўта юқори, шахс сифатида ҳалол-пок, сабр-қаноатли, илмли, сипо (ҳилмли), тавозуъли, ҳамиятли, раҳм-саховатли, иффатли ҳамда виқорли бўлиши лозим. Бундай фазилатларга эга инсон биринчи навбатда ўзига нисбатан адолатли бўлади. Ва, табиийки, ўзига нисбатан адолатли  бўлган  шахс ҳеч қачон бошқаларга нисбатан адолатсизлик қилмайди.

 Ҳалоллик-поклик, сабр-қаноат инсоннинг энг асосий фазилатларидан ҳисобланади. Айни фазилат ростгўйлик, мажбуриятга содиқлик, қилаётган иши тўғри эканига қатъий ишонч, самимийлик каби ахлоқий сифатларни ҳам ўз ичига олади.

Ҳалоллик инсоннинг қалби поклиги ва маънавий дунёқараши етуклиги билан боғлиқ. Ҳалоллик судьянинг ўзига юклатилган вазифага ҳамда одамлар тақдирига бўлган муносабатида кўринади. Судья умри ва эгаллаб турган амалининг ўткинчилигини унутмаслиги, ўз виждони олдида ҳисоб бериб бориши керак.

Судьянинг сабр-қаноати унинг ҳалоллиги белгисидир, барча масалаларга шундан келиб чиқиб, муносабатда бўлади. Қолаверса, қаноатли деганда борига шукр қилиб, маошини ҳалоллаб яшаши, юриш-туриш, ҳатто кийинишда заруриятдан юқорисини ўзига раво кўрмаслиги демакдир.

          Сабр-қаноатли бўлиш учун судья кучли идора соҳиби бўлиши  керак. Чунки, иродасиз кишида турли майллар ва бошқаларнинг таъсирига берилишга мойиллик бўлади. Қолаверса,  судьядаги холислик кучли иродага таянади. Зеро, судья ишни кўришда холис бўлиши, у ёки бу қарорни қабул қилишда шахсий адоватига берилиши ёинки бирон-бир манфаатни назарда тутиши асло мумкин эмас. Акс ҳолда, қонунийлик ва адолат бузилишига олиб келади. Инсонларнинг судга, адолатга бўлган ишончига путур етади.  

 Судьянинг илмли бўлиши деганда унинг бевосита вазифаси талаб этиладиган ҳуқуқий билимлар, шунингдек, дунёвий билим ҳамда тажрибани тушуниш лозим. Зеро, биргина қонунларни мукаммал билишининг ўзи етарли эмас, гап судьянинг ўз ички туйғу, маънавий дунёқарашидан келиб чиқиб, қонунларни қандай қўллашида ҳамдир. Шунга кўра, судья ўз билимини, соғлом фикр ва ақлий салоҳиятини ошириб бориш, қонунларни мукаммал ўзлаштириш билан бир қаторда уни тўғри қўллаш бўйича амалий кўникма-тажриба орттириб бориши, доимий ўқиб-изланиши шарт.  

Судья ўзига юклатилган вазифа масъулиятини ҳис этган ҳолда маънавиятини бойитиш, виждон ва иродани тоблаш, иймон-эътиқодни мустаҳкамлаш, бир сўз билан айтганда, комилликка эришиш борасида ҳам доимий ишлаши талаб этилади.

Судьяда мавжуд бўлиши лозим фазилатлардан яна бири сиполик (ҳилм) бўлиб, бу ҳар қандай ҳолатда ҳам оғир-вазмин, босиқлик ва мулойимлик билан масалага ёндашувни талаб қилади. Унинг тавозуъли, яъни - камтар бўлиш, ўзидан  каттага – ҳурмат, кичикка – иззат билан муносабатда бўлиб, ҳаргиз ўзини бошқалардан устун тутмаслик, демакдир. Тўрт нарса инсонга хорлик келтиради, дейилади муқаддас манбаларда, булар: бадфеъллик, бадқовоқлик,  такаббурлик ва дилозорлик...

         Судьянинг ҳамиятли бўлиши – унинг ўзини тарбиялаб вояга етказган ва ваколат берган халқи, шунингдек, ўзга миллатларнинг урф-одат ва анъаналарига ҳурмат билан муносабатда бўлишида, шунингдек, оиласи ва яқинларига бўлган муносабати ва садоқатида ифодаланади. Кишининг яқинларига бўлган муҳаббати – ватанига бўлган муҳаббатини ҳам ифодалайди. Судья фидоий, элпарвар ва ватанпарвар бўлиши лозим.

Раҳим-саховат деганда  судьянинг қонунларни инсон манфаати нуқтаи назаридан қўллашини, жазо муқаррарлигини таъминлаш билан бир вақтда  уларда (қонунда) назарда тутилган енгилликларни холис қўллашини, жазонинг қилмишга нисбатан оғир бўлмаслигини тушуниш лозим. Суд қарорлари қонуний бўлиши билан бирга асосли ва адолатли бўлиши шарт экани талабининг  сабаби ҳам шунда.

Судьядаги иффат биринчи навбатда юриш-туриши, муомала ва, юқорида айтилганидек, кийинишида кўринади. Судья  умумэътироф этилган одоб доирасидан четга чиқмаслиги, ўз нафсини ақлан бошқариши, уят ва енгилтаклик туюлган ҳар қандай иш ва ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт. 

Виқорли бўлиш, аввало, судьянинг ўзига ишончидир. Шошма-шошарликка йўл қўймаслиги, бошқаларнинг ҳурматини қозонишни ўз вазифа ва бурчини талаб даражасида амалга ошириш воситаси, деб тушунмоғи лозим.   

Юқоридаги сифатлар жамланмаси судьянинг адолатли эканига  шубҳа қолдирмайди. Судьянинг адолатли бўлиши - суддаги тарафларга бир хил муносабатда бўлиши, ишнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлай олиши ҳамда масалага холис, қонуний ҳуқуқий баҳо бера билиши, пировардида, қабул қилган қарорининг қонуний, асосли ва адолатлиги  экани билан баҳоланади. Бунинг учун судьянинг ҳар қандай ҳаракати, қарори қонунга асосланган бўлиши шарт.

Хулоса ўрнида айтсак,  Цицерон таъкид этганидек, ҳалол одам ҳакамлик курсисига ўтирар экан, у шахсий майилларини унутади. Чунки, ҳакам – гапираётган қонун, қонун эса тилсиз ҳакамдир.  Ҳақ гап. Демак, илгари ҳам айтганимиздек, судья ҳар бир ишга юксак масъулият билан ёндошиши, керак бўлса, ўзини судланувчи, жабрланувчи ёки жавобгар ёинки  маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланаётган шахс ўрнига қўйиб кўриши лозим. Шундагина йўл қўйилиши мумкин бўлган хатоликлар олди олинади. Қисқаси, давлат раҳбари  тўғри таъкид этганидек, танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик бугунги кунда давлат бошқаруви органларида фаолият кўрсатаётган барча инсонлар қатори судьялар фаолиятининг ҳам кундалик қоидаси бўлиб қолиши зарур.

 Холмўмин Ёдгоров,

Ўзбекистон Республикаси

 Судьялар  олий кенгаши раиси

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech