20 Апрель 2022 2558

РЕАБИЛИТАЦИЯ ҚИЛИНГАН ШАХСЛАРНИ ИШГА ТИКЛАШ: ҚОНУНЧИЛИК ВА АМАЛИЁТ

Ўзбекистон Республикаси Олий суди статистикасига асосан республикамиз судлари томонидан ишга тиклаш билан боғлиқ 2020 йилда 2385 та иш кўрилган бўлса, 2021 йилда 3221 та, 2022 йилнинг 1-чорагида 668 иш кўриб чиқиб ҳал этилган. Бу рақамлар мазкур тоифадаги ишлар сони йилдан-йилга кўпайиб бораётганлигини кўрсатмоқда. Ишга тиклашга оид келишмовчиликлар ичида реабилитация қилинган шахсларни ишга тиклаш алоҳида ўрин тутади.

2017-2021 йиллар мобайнида  ва 2022 йилнинг 1-чорагида жами 3967 та шахс оқланганлиги ҳам кейинги йилларда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан оқлов ҳукмлари чиқарилиши ортиб бораётганлигини кўрсатиб туради. 

Лекин, реабилитация қилинган шахсларни ишга тиклаш амалиётида  суриштирув ва тергов идоралари билан бир қаторда суд амалиётида  ҳам ягона ёндашувнинг мавжуд эмаслиги айрим ҳолларда фуқароларимизнинг норозилигига, уларнинг бу борадаги ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини бирмунча сусайишига сабаб бўлмоқда.

Маълумки, барча ҳуқуқлар қатори фуқароларимизнинг меҳнатга оид  ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатини таъминлаш - бир томондан бу муносабатларнинг не чоғли  тартибга солинганлиги билан, иккинчи тарафдан эса, бундай  ҳуқуқларни амалга оширишнинг реал имконияти  билан белгиланади.  

Бугунги кунда фуқароларимизнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини, айниқса реабилитация қилинган шахсларни ишга тиклаш билан боғлиқ  ҳуқуқларини   таъминлашга қаратилган амалиёт бундай ҳуқуқларни ҳар доим ҳам тўла-тўкис таъминламоқда, дея олмаймиз. Бу борада амалиётнинг, ёндашувларнинг ҳар хиллиги кишини ажаблантиради.

Муаммони таҳлил этишга ҳаракат қиламиз. Реабилитация қилинган шахснинг ҳуқуқларини тиклаш Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 304-310-моддаларида белгиланишича суднинг ажрими, терговчи ёки прокурорнинг қарори асосида амалга оширилади. Келинг суднинг ажримидан бошлайлик.

Демак, юқоридаги моддалар мазмунига кўра шахсни реабилитация қилиш тўғрисида тегишли вертикт чиқарган суд реабилитация қилинган шахснинг ҳуқуқларини тиклаши лозим бўлади. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 311-моддасига асосан реабилитация қилинган шахснинг ҳуқуқлари билан бир қаторда  уни меҳнатга оид ҳуқуқларини тиклаш тўғрисидаги талаби қаноатлантирилмаган бўлса ёхуд у қабул қилинган қарорга рози бўлмаса тегишли талаб билан даъво ишини юритиш тартибида судга мурожаат қилишга ҳақли эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Аммо, мазкур қонун нормасида реабилитация қилинган шахснинг меҳнатга оид ҳуқуқларини тиклаш билан боғлиқ талаби айнан қайси давлат органи ёки мансабдор шахси  томонидан қаноатлантирилмаган ҳолларда даъво ишини юритиш тартибида судга мурожаат қилишга ҳақли эканлиги аниқ назарда тутилмаган. Шу йўсинда қонун реабилитация қилинган шахсга “ тўғри йўлни” кўрсатмайди.

Мазкур кодекснинг “талаб қилиш ҳуқуқи” деб номланган 312-моддасига эътибор берадиган бўлсак, унда реабилитация этилган шахс мулкий зиённи қоплаш учун пул товони тўлашни бундай тўловларни амалга ошириш ҳақидаги ажрим ёки қарорни олган пайтдан эътиборан икки йил мобайнида, бошқа ҳуқуқларни тиклашни реабилитация этилган шахс ҳуқуқларини тиклаш тартибини тушунтирувчи билдириш хати олган пайтдан эътиборан бир йил мобайнида талаб қилиши мумкинлиги назарда тутилган. Демак, реабилитация этилган шахсни ишга тиклаш бўйича ҳеч қандай процессуал ҳужжат қабул қилинмайди, фақат унга тушунтирувчи билдириш хати юборилади, холос.

Бундай мазмундаги норма қатор тушунмовчиликларни келтириб чиқаради. Тушунмовчилик мазкур нормани турли талқин қилиниши билан боғлиқ,  яъни   биринчидан, бу хатни қайси орган беради, иккинчидан, қачон беради, учинчидан муддат шахсни реабилитация қилган органнинг тушунтирувчи билдириш хатини олгандан кейин бошланадими ёки ишга тиклаш ваколатига эга бўлган органнинг ёки мансабдор шахснинг билдириш хатини олгандан сўнг бошланадими, тўртинчидан, нима учун ребалитация қилинган шахсга тушунтириш берилиши керак, бешинчидан, реабилитация қилган органнинг ўзи  шахсни ишга тиклаб қўйишига нима халақит беради ва ҳ.к. Бу саволларга ҳеч қаерда жавоб йўқ. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 255-моддасига асосан башарти айбланувчи, судланувчи ўз иш жойида қолса, жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлашга ёки жиноят оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга тўсқинлик қилади ёхуд жиноятни давом эттиради, деб ҳисоблашга етарли асослар мавжуд бўлса, улар лавозимидан четлаштирилиши мумкин. Тартибга кўра, бундай шахсларни лавозимидан четлаштириш мазкур процессуал мажбурлов чораси қўллаш учун асос бўлган ҳолатлар бекор бўлгунига қадар ўтган вақт мобайнида қўлланилади.

 Айбланувчи ёки судланувчини лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораси қарор чиқарган судни албатта хабардор қилган  ҳолда суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд томонидан бекор қилинади.

Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда  ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб шахс ҳуқуқларини чеклашга қаратилган процессуал мажбурлов чораларини одил судлов йўли билан белгилашга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шахсни лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги масаланинг муҳимлиги, бу фуқаронинг меҳнат қилиш ҳуқуқининг таркибий қисми бўлганлиги боис қонун бу масалани  ҳам суднинг тегишли қарори асосида амалга оширилишини назарда тутади. Аммо, қонун бир вақтнинг ўзида суд ажрими асосида  айбланувчи, судланувчини лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини  суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори билан “бекор қилиниши” мумкинлигини ҳам инкор қилмайди. Фақат бундай ҳолларда суриштирувчи, терговчи, прокурор судни хабардор қилиб қўйиши талаб қилинади.

Қонунда белгиланган бундай тартибот қатор саволларни келтириб чиқаради. Биринчидан, суд ажрими қонуний кучда бўлган бир вақтда  суриштирувчи, терговчи, прокурор суднинг ажрими билан лавозимдан четлаштириш тўғрисидаги мажбурлов чорасини  ўзининг қарори билан бекор қилиши процессуал ҳуқуқ нуқтаи-назаридан қанчалик тўғри бўлади, иккинчидан,  лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини бекор қилган суриштирувчи, терговчи, прокурор судни нима ҳақида хабардор қилади, учинчидан, суд хабарни олгандан сўнг қандай процессуал ҳаракатларни амалга ошириши керак, тўртинчидан, жиноят таркиби бўлмаганлиги  сабабли ишни юритишдан тугатган терговчи ўз қарорида суднинг ажрими билан лавозимдан четлаштирилган шахсни ишга тикламаса манфаатдор шахс қандай ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли  ва ҳ.к. Бу каби саволларга қонунда аниқ жавоблар бўлиши керак. Афсуски, бу борадаги қонун ҳужжатларимиз мукаммал эмас.

Ишда айбланувчи, судланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши муносабати билан лавозимидан  четлаштирилган шахсни  олдинги  ишлаган ишига (лавозимига)  ким тиклайди. Терговчими, прокурорми, судми? Келинг амалиётга мурожаат қиламиз.

Чилонзор туман судининг ажрими билан 23.02.2021 йилда туман прокурорининг илтимосномасига асосан фуқаро Ғ. жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплашга тўсқинлик қилиши ёхуд жиноий фаолиятини давом эттириши мумкинлиги инобатга олиниб, эҳтиёт чораси сифатида мансабидан четлаштирилган ва иш берувчи-Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги  ўзининг бўйруғи билан ажрим ижросини таъминлаган. 01.02.2022 йилга келиб, Чилонзор туман прокуратураси  терговчисининг қарорига биноан  жиноят иши ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига мувофиқ  ҳаракатдан тугатилган. Аммо, шахсни мансабига қайтадан тиклаш масаласида қарорда ҳеч нарса дейилмаган, қарор қабул қилишда ЖПКнинг 255-моддаси талаблари бажарилмаган.  Шундан сўнг 10.03.2022 йилда фуқаро Чилонзор туман жиноят ишлари бўйича судга мурожаат қилиб, унга нисбатан лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини бекор қилишликни сўраган. Суд эса, ушбу мурожаатни кўриб чиқиш учун яна туман прокурорига юборган. Бу масала ўзи  қандай ҳал қилиниши лозим?

Маълумки, амалдаги тартибга кўра, дастлаб иш берувчига шахсни лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги   суднинг ажрими тақдим қилиниб, у  лавозимидан четлаштирилади, у реабилитация қилингандан кейинчи? Айнан шу жойга келганда, яъни шахс реабилитация қилингандан сўнг шахсни ишга тиклаш бўйича иш берувчига қайси органнинг ҳужжати тақдим қилинади, деган саволга қонунларимизда ҳеч нарса дейилмаган. Балким, бу саволга ЖПКнинг 255-моддаси 4-бандига асосан қабул қилинган терговчи қарорига биноан масала ҳал бўлади, дейиш мумкиндир, аммо суднинг ажрими асосида ходимни ишдан четлаштирган иш берувчи тергов органининг қарорига асосан ходимни ишга тиклармикин. Агар тиклаши шарт бўлса, бу ҳақда ҳеч қаерда ёзилмаган. Фикримизча, бу борадаги қонун ҳужжатларини таҳлил қилганимизда  шахс ҳуқуқларини чеклашга қаратилган қонун нормалари  анчайин мукаммаллигига, аксинча уни тиклашга қаратилган  нормаларда   қатор бўшлиқликлар мавжудлигига гувоҳ бўламиз. 

Бугунги кунда реабилитация қилинган шахсларни, айниқса ҳарбий хизматчиларни ишга тиклаш бўйича суд амалиётида  турли ёндашувлар мавжуд.  Бу борадаги суд амалиёти амалдаги қонунлар, қонун ости ҳужжатлари ва шу билан бирга  2019 йил 4 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан барча судларга  юборилган 11-9-10-сонли  хат  ва 2020  йил 26 ноябрда  Ўзбекистон Республикаси Олий судининг  РС-54-20-сонли “2019 йил ва 2020 йил 9 ойи давомида реабилитация билан боғлиқ ишга тиклаш, иш ҳақи, моддий ва маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги фуқаролик ишлари бўйича суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида”ги Раёсат қарорига таяниб шаклланган.

2019 йил 4 февралдаги 11-9-10-сонли  Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан юборилган хатда собиқ ҳарбий хизматчилар, Ички ишлар, Божхона қўмитаси ва бошқа давлат органлари хизматчиларининг меҳнатга оид муносабатлари шунингдек, давлат органлари, шу жумладан ҳоким қарорлари бўйича юзага келган низоларнинг тааллуқлиги юзасидан турли хил амалиёт шаклланганлиги, бу эса ўз навбатида фуқароларнинг судларда сарсон-саргардон бўлиб юришларига, уларнинг одил судловга нисбатан бўлган ишончига путур етказилишига олиб келаётганлиги, ушбу ҳолатга чек қўйиш ва ягона амалиётни шакллантириш мақсадида:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Божхона қўмитаси ва бошқа давлат органлари хизматчиларининг меҳнатга оид муносабатлари бўйича юзага келган низолар юзасидан ишлар фуқаролик ишлари бўйича  судларга;

ҳарбий хизматчи ёки собиқ ҳарбий хизматчининг меҳнат ва бошқа ҳуқуқий муносабатлар  билан боғлиқ низолари ҳарбий судларга;

ҳар қандай давлат органлари, шу жумладан ҳоким қарорлари  билан боғлиқ низолар маъмурий судларга тааллуқли эканлиги ҳақида тегишли тушунтиришлар берилган.

Аммо, мазкур хат ҳам бу борадаги суд амалиётини бир хилда бўлишлигини таъминлаган, дея олмаймиз.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 111-моддасида, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозим, деб белгиланганлиги сабабли реабилитация қилинган шахслар  ишга тиклаш масаласида аксарият ҳолларда фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилишмоқда.  Аммо бундай тоифадаги ишларни фуқаролик ишлари бўйича судлар айрим ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси нормаларига таяниб ҳал этса, бошқа ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси нормалари асосида ҳал этаётганлигини кўришимиз мумкин.

Бугунги кунда амалда бўлган  Ўзбекистон Республикаси Олий судининг  2020  йил 26 ноябрдаги РС-54-20-сонли “2019 йил ва 2020 йил 9 ойи давомида реабилитация билан боғлиқ ишга тиклаш, иш ҳақи, моддий ва маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги фуқаролик ишлари бўйича суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида”ги Раёсат қарорида ...фуқаролик ишлари бўйича республика судлари томонидан реабилитация билан боғлиқ ишга тиклашга оид низоларни ҳал этиш амалиёти юзасидан ўтказилган умумлаштириш натижалари бу борада ягона суд амалиёти асосан тўғри йўлга қўйилганлигини, ...моддий ва процессуал қонун талабларига риоя қилинаётганлиги, айрим ҳолларда моддий ҳуқуқ нормалари бузилганлиги
ва процессуал хатоликларга йўл қўйилганлиги қайд этилган бўлиб, қарорда  реабилитация этилган шахснинг ҳуқуқларини тиклаш ва етказилган мулкий зиённи қоплаш Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 304-313-моддаларида назарда тутилган тартибда реабилитация тўғрисида қарор чиқарган суд, прокурор ёки терговчини ажрими ёхуд қарори асосида амалга оширилиши  лозимлиги қайд этилган бўлсада, аммо ишлар асосан фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриб чиқиб ҳал этилмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги  суд амалиётида реабилитация этилган шахсларнинг меҳнат ҳуқуқларини тиклаш ҳақидаги талабларга нисбатан барча ҳолатларда  ҳам  ЖПКнинг  312-моддаси  қўлланилмаяпти.

Маълумки, мазкур нормага кўра, “шахс ҳуқуқларини тиклаш тартибини тушунтирувчи билдириш хати” олган пайтдан эътиборан бир йил мобайнида меҳнат ҳуқуқларини тиклашни талаб қилиши мумкин. Бироқ, бундай турдаги ишлар бўйича суд амалиётида аксарият ҳолларда қонун талабларига зид равишда, Меҳнат кодексининг 270-моддасида белгиланган “шахс меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ойлик муддатда судга мурожаат қилиши мумкинлиги” ҳақидаги қоида қўлланилса, бошқа ҳолатда ЖПК нормалари қўлланади.

Масалан, фуқаро С. ўзига нисбатан бўлган жиноят иши бўйича оқланганлиги муносабати билан ЖПКнинг 304-312-моддаларини қўллаган ҳолда Давлат божхона қўмитаси тизимига олдинги ишига тиклашни ва ишламай юрган кунларини иш стажига қўшиб ҳисоблашни сўраган. Биринчи инстанция судининг 13.08.2020 йилдаги ҳал қилув қарори ҳамда апелляция инстанцияси судининг 06.10.2020 йилдаги ажрими билан даъвогарнинг даъво аризаси қаноатлантирилган.

Фуқаролик иши Олий судда 05.02.2021 йилда кассация тартибида кўрилиб, судлов ҳайъати даъво аризани рад қилиш ҳақида янги қарор қабул қилган.

Бош прокурор ўринбосарининг ушбу ажримга нисбатан эътирозлари баён қилинган протестига асосан 26.04.2021 йилда иш такроран кассация тартибида кўрилган бўлсада, Олий суд ажрими кучида қолган.

Кейинчалик судлов ҳайъатининг 20.08.2021 йилдаги ажрими билан 05.02.2021 йилдаги ажрими янги очилган ҳолатлар бўйича бекор қилиниб, 27.08.2021 йилда ишни кўриш натижаси бўйича қуйи инстанция судларининг даъвони қаноатлантириш билан боғлиқ қарорларини ўзгаришсиз  қолдириш  ҳақида  ажрим  қабул  қилинган.

Мазкур ҳолатда, Олий суд дастлаб, даъвогарни ЖПКнинг
304-312-моддаларига асосан ишга тикланиши нотўғри, деб баҳолаган бўлса, кейинчалик аслида ўзининг ушбу хулосаси нотўғри эканлиги ҳақида тўхтамга келиб, реабилитация этилганлиги муносабати билан  у  олдин ишлаган ишига тикланиши лозимлиги ва ишга тиклашни талаб қилиш мумкин бўлган бир йиллик даъво муддати ўтмаганлигини инобатга олган ҳолда  қуйи инстанция судларининг қарорларини кучида қолдирган.

Яна бир ҳолатда, эса, даъвогар А.нинг жавобгар Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратурасига нисбатан реабилитация асослари бўйича ишга тиклаш, мажбурий прогул юрган кунлари учун ушбу даврни умумий стажга қўшиб ҳисоблаш мажбуриятларини юклаш тўғрисидаги даъво аризаси юзасидан юритилган фуқаролик иши бўйича суднинг 28.05.2021 йилдаги ҳал қилув қарори билан даъво рад қилинган, даъвони рад қилинишига меҳнат қонун ҳужжатларига асосан даъво тақдим этиш муддатини ўтказиб юборилганлиги асос сифатида келтирилган.

Апелляция инстанцияси судининг 13.08.2021 йилдаги ажрими билан суднинг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвони қаноатлантириш тўғрисида янги ҳал қилув қарори чиқарилган. Аппеляция инстанцияси  мазкур тоифадаги ишларни кўриш жараёнида даъво муддатини қўллаш борасида меҳнатга оид қонун ҳужжатларини эмас, балки ЖПК моддалари талабларидан келиб чиқиб  ишни кўриб чиққан.

Яна бир ҳолатда даъвогар К.нинг жавобгар Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига нисбатан буйруқни ғайриқонуний деб топиш, ишга тиклаш ва иш ҳақи ундириш тўғрисидаги даъво аризаси юзасидан юритилган фуқаролик иши доирасида қабул қилинган 29.06.2020 йилдаги ҳал қилув қарори билан даъво рад қилинган.

Ушбу фуқаролик иши бўйича биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори апелляция судлов ҳайъатининг 18.08.2020 йилдаги  ажримига асосан ўзгаришсиз қолдирилган.

Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 20.05.2021 йилдаги ажрими билан иккала инстанция судининг қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.

Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 24.08.2021 йилдаги ажримига кўра  юқорида қайд қилинган Олий суд судлов ҳайъати ва Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси судининг ажримлари бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун шу инстанция судига юборилган.

Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 16.11.2021 йилда чиқарилган ажримига мувофиқ, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилинган ва иш бўйича даъвони қаноатлантириш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Прокуратура органларининг реабилитация қилинган собиқ ходимларини ишга тиклаш билан боғлиқ амалиётда даъво талаблари бўйича иш судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли  юритишдан тугатилганлик ҳолатларини ҳам кўришимиз мумкин.

Масалан, даъвогар Б. жавобгар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига нисбатан буйруқни ғайриқонуний деб топиш, ишга тиклаш ҳақидаги даъво аризаси бўйича фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 2020 йил  16 мартдаги ажрими билан иш юритиш тугатилган ва мазкур талаб билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.

Иш ҳужжатларига кўра, Б.  2012 йил сўнгига қадар прокурор лавозимида ишлаб келган ва 2012 йил 26 декабрдаги 1134-сонли буйруқ билан ўз аризасига кўра лавозимидан озод қилинган.

Фуқаро Б. жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг
14.08.2013 йилдаги ҳукми билан ЖК 210-моддаси учинчи қисмининг                   “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖК 45-моддаси қўлланилган ҳолда 3 йил муддатга моддий  ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 19.12.2019 йилдаги ажрими билан айбсиз деб топилиб, ЖПК 83-моддасининг иккинчи қисмига асосан реабилитация қилинган.

Суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 12 сентябрдаги ПҚ-2036-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ва муассасаларида хизматни ўташ тўғрисида”ги Низомнинг 80-бандида прокуратура органлари ходимларининг меҳнат низолари Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан кўриб чиқилиши белгиланганлиги боис шундай йўл тутган.

Яна бир ҳолатда Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди (2-1004-2103/6673-сонли иш) даъвогар К.нинг жавобгар Давлат божхона қўмитасига нисбатан ишга тиклаш ҳақидаги аризасини у Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов коллегиясининг 2021 йил 16 апрелдаги ҳукми билан айбсиз деб топилган ва реабилитация қилинган кундан сўнг Меҳнат Кодексининг 269-моддаси талабларига мувофиқ белгиланган муддатда судга мурожаат қилмаганлиги сабабли талабни  қаноатлантиришни рад қилган.

Худди шунга ўхшаш ҳал қилув қарори Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туман суд томонидан 2021 йил 5 июлда қабул қилинган. Мазкур суд (2-1005/5849-сонли иш) даъвогар Н.нинг жавобгар Ўзбекистон Республикаси ИИВга нисбатан ишга тиклаш тўғрисидаги даъво талабларини у реабилитация қилинганлиги тўғрисидаги суд қарорини олгандан сўнг Меҳнат Кодексининг 270-моддаси талабларидан келиб чиқиб, “меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги бўйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой муддат ичида” мурожаат қилинмаганлиги сабабли рад қилган.

          Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Лекин, нима бўлганда ҳам судлар бундай тоифадаги низоларни ҳал қилишда айнан қайси қонун ҳужжатларини қўллашлик бўйича ягона ёндошувга эришишлари лозим бўлади.

Фикримизча харбий хизматчиларни ишга тиклаш билан боғлиқ ишларни кўришдаги суд амалиётидаги турли хил ёндашувларга амалдаги қонун ҳужжатларимиздаги ҳолатлар ҳам йўл очиб берган.  Масалан,  Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 303-моддаси асосида реабилитация қилинганларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши борасида  қонун чиқарувчи томонидан ҳар хил ёндашилган.

Ўзбекистон Республикаси ЖПК 313-моддасига мувофиқ реабилитация қилинган ҳарбий хизматчиларнинг хизматига оид, пенсия олиш, уй-жойдан фойдаланиш ва бошқа шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқларни тиклаш, уларга етказилган мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш, маънавий зиён оқибатларини бартараф этиш ушбу бобда белгиланган қоидаларга мувофиқ ҳамда Бош прокурори, Мудофаа вазири, Ички ишлар вазири, Президенти Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардияси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

 Ўзбекистон Республикаси “Давлат божхона тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддаси, Ўзбекистон Республикаси “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг  34-моддаси, Ўзбекистон Республикаси “Миллий гвардия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддаларига асосан мазкур идораларнинг хизматчилари реабилитация асослари бўйича ишга тиклаш масаласида судга мурожаат этишга ҳақли эканликлари назарда тутилган бўлса Ўзбекистон Республикаси “Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 36-моддаси, Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органлари ва муассасаларида хизматни ўташ тўғрисидаги Низомнинг 8-банди асосида меҳнат низолари юқори турувчи органлар томонидан ҳал қилинишига оид тартиб мустаҳкамлаб қўйилган. Албатта бундай ҳолда суд амалиётида турли ёндашувлар бўлиши табиий..

Юқоридагиларга асосан Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура органлари ходимларини реабилитация асосида ишга тиклаш масалалари  судга тааллуқли эмас. Ички ишлар органлари, Давлат божхона хизмати ва Миллий гвардия хизмати хизматчиларининг меҳнат низолари  эса  судга тааллуқли масала ҳисобланади, аммо қайси судга тааллуқли деган саволга қонун ҳужжатларимизда жавоб йўқ.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 111-моддасида, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозим деб белгиланган. Аммо бундай тоифадаги ишларни фуқаролик ишлари бўйича судлар кўрар экан, улар  Меҳнат кодекси нормалариними ёки реабилитация қилинган шахсларнинг ҳуқуқларини тиклашга оид Жиноят-процессуал кодекси нормаларини қўллаши лозимлиги тўғрисида ҳам  аниқ кўрсатма йўқ.

Фикримизча  реабилитация қилинган шахсларнинг меҳнат ҳуқуқларини тиклаш оқлов ҳукми чиқарган суд, шунингдек прокурор,  терговчи томонидан ҳал этилиши, уларнинг бу ҳақдаги қарори иш берувчи томонидан бажарилмаган ҳолатларда мансабдор шахснинг ҳатти-ҳаракати устидан шикоят бериш тартибида ҳал этилиши амалдаги қонун талабларига мувофиқ бўлади.

Яна бир масала. Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 310-моддасида қонунга хилоф равишда ҳукм қилингани, қонунга хилоф равишда тиббий муассасага жойлаштирилгани, эҳтиёт чораси тариқасида қонунга хилоф равишда қамоққа олингани ёки уй қамоғига жойлаштирилгани, қонунга хилоф равишда ушлаб турилгани туфайли ишдан (лавозимидан) озод қилинган ёки ишда айбланувчи, судланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши муносабати билан лавозимидан қонунга хилоф равишда четлаштирилган шахс олдин ишлаган ишига корхона, муассаса, ташкилот тугатилган ёки қонунда назарда тутилган бошқа асосларга кўра уни олдинги ишлаб турган ишига (лавозимига) тиклаш имкониятини бермаган тақдирда унга аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилиши лозим, деб кўрсатилган. Бироқ, қонунда оқланган шахсни илгари ишлаган ташкилоти тугатилганда уни ишга тиклаш масаласи қандай тартибда амалга оширилиши, қолаверса  бу вазифани суд қайси органга юклаши лозимлиги назарда тутилмаган.  Шу сабабли корхона, муассаса, ташкилот тугатилган ёки қонунда назарда тутилган бошқа асосларга кўра шахсни олдинги ишлаб турган ишига (лавозимига) тиклаш имконияти бўлмаса унга аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилишини кафолатлашга қаратилган механизм ишлаб чиқилиши ва зудлик билан амалга жорий этилиши лозим, акс ҳолда мазкур норма “ўлик” норма бўлиб тураверади.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида суднинг айблов ҳукми билан ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазо тайинланган реабилитация қилинган ушбу ҳарбий ёки махсус унвонларни қайтариб бериш асослари ва тартиби назарда тутилмаган. Фикримизча реабилитация этилган шахснинг бошқа ҳуқуқларини тиклаш баробарида, агарда суднинг айблов ҳукми билан ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазо қўлланилган бўлса, бундай  ҳарбий ёки махсус унвонлар унга  қайтариб берилиши билан боғлиқ масала ҳал этилиши лозим.

Фикримизча, бу масалада амалиётда бир хил ёндашувнинг мавжуд эмаслигига таъсир кўрсатувчи биринчи омил бу қонун ҳужжатларини такомиллашмаганлиги бўлса, иккинчи омил бу  ваколатли органлар томонидан судларга у ёки бу нормани қўллашга оид батафсил тушунтиришлар берилмаётганлиги, учинчи омил бу меҳнат, жиноят-процессуал ва бошқа ҳуқуқ фани соҳасидаги тадқиқотларни ҳаётдан орқада қолаётганлиги ва тўртинчидан, ҳуқуқни қўлловчилар томонидан қонун ташаббускорлиги ҳуқуқи субъектларига масалани ечимига оид таклиф киритмаётганликлари  бўлиб ҳисобланади.

Юқоридаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда биринчи навбатда реабилитация қилинган шахслар, айниқса реабилитация қилинган ҳарбий хизматчиларни ишга тиклаш билан боғлиқ суд амалиётини бир хиллаштириш мақсадида аввало мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларини унификациялаш, шу билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли Пленум қарорини ишлаб чиқиб қабул қилишни тақозо қилади.Мазкур муносабатларнинг кенг қамровлилиги ва ўзига хослигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг “Реабилитация қилинган шахсларнинг ҳуқуқларини тиклаш тўғрисида” қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб қабул қилиниши лозим.

Мақсадимиз кимнингдир хатосини кўрсатиш ёки муаммоларни кўндаланг қўйиш эмас, балки ушбу муаммоларни ҳал қилиш йўллари бўйича таклифларни муҳокама қилишдир. Чунки, Судьялар олий мактаби унда   таҳсил олаётган, эртага судьялик лавозимига ўтириб низоларни ҳал этадиган бўлажак судьяларни тайёрлаётган Олий муассаса сифатида бундай муаммоларни ечим топишидан  манфаатдордир.

 

Илҳом Насриев, Ўзбекистон  Республикаси Судьялар Олий олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби “Фуқаролик ҳуқуқи” кафедраси мудири, юридик фанлар доктори, профессор

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech