23 Апрель 2023 436

​​Судларнинг молиявий мустақил бўлиши қандай муаммоларга ечим бўлади?

Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 140-моддасида судларнинг фаолиятини молиялаштириш фақат Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан амалга оширилиши ҳамда у одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаши кераклиги белгиланмоқда. Мазкур норма судлар молиявий мустақиллигини таъминлашлашнинг конституциявий кафолати ҳисобланади. 

 

Маълумки, суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади. Суд ҳокимияти тармоғининг мустақиллиги, биринчи навбатда, инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш учун муҳимдир.

 

Таъкидлаш лозимки, суд ҳокимиятининг мустақиллигига бевосита таъсир кўрсатувчи омилларга судьяларнинг ойлик иш ҳақи ва бюджет масалаларини ҳал эта олишини киритиш мумкин. Бу эса унинг молиявий мустақиллигини таъминлайди. Шу ўринда 2021 йилгача судьялар, суд аппарати ва судьялар ҳамжамияти органлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг 70 фоизидан кўпроғи Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб келинган эди.

 

Ушбу жамғарманинг маблағлари асосан судлар томонидан кўриб чиқиладиган ишлар бўйича тўланадиган давлат божлари, жарималар, ижро иши бўйича ундириладиган ажратмалардан тушадиган даромадлар ҳисобидан шаклланган. Ушбу тартиб судьялар чинакам мустақиллигини таъминлаш борасидаги халқаро стандартларга тўлиқ мос келмаган ва замонавий талабларга кўра суд тизимининг мустаҳкам моддий-техник базасини шакллантиришга имкон бермаган. 

 

Шу боис, илк маротаба судларнинг молиявий мустқаллигини конституциявий даражада мустаҳкамланиши ҳамда у одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаши кераклиги белгиланмоқда. 

Мазкур нормани Конституцияга киритилиши молиявий жиҳатдан судьяларнинг мустақиллигини таъминланишига хизмат қилади.

 

Дилмурод Артиков,

Судьялар олий мактаби доценти

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech