4 Декабрь 2020 1121

2020 йил 4 декабрь куни Судьялар олий мактабининг магистр тингловчилари суд экспертизасини ўтказиш амалиётини яқиндан ўрганиш мақсадида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказида бўлишди.

Марказда мутахассислар томонидан тингловчиларга экспертиза ўтказиш билан боғлиқ аҳамиятли ҳолатлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Амалиёт жараёнида магистрлар бугунги кунда энг замонавий, янги турдаги “Суд компьютер-техникавий экспертизаси” йўналиши билан яқиндан танишишди.

Ушбу экспертиза тури техник экспертизалар синфига кирувчи мустақил экспертиза бўлиб, тергов жараёнида ёки иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларда объектнинг компьютер қурилмаси ёки мобиль алоқа воситаси сифатидаги ҳолатини, жиноятни содир этиш жараёнидаги унинг ўрни ва ролини аниқлаш, ахборот сақловчи ва ташувчи қурилмаларда жиноятга алоқадор ёки иш учун аҳамиятли маълумотларни ажратиб олиш учун қурилмалар хотирасига маълумотлар бутунлигини сақлаган ҳолда хавфсиз йўллар билан кириш ҳамда ажратиб олинган маълумотларни таҳлил қилиш ва саралаш мақсадида ўтказилади.

Амалиётда экспертиза ўтказиш фақат махсус билимлар ёрдамида муайян объектни текшириш зарурати билан чекланмайди. Жумладан, айбланувчини рост кўрсатма беришга ундаш мақсадида унга таъсир ўтказиш учун тактик мақсадлардан келиб чиқиб, ваколатли орган (шахс) экспертизага мурожаат қилиши ҳам мумкинлиги тингловчиларга тушунтириб ўтилди.

Судьялар олий мактаби тингловчиларнинг назарий билим ва амалий кўникмаларини ошириш мақсадида “Касбий кўникмалар” кафедраси томонидан доимий равишда суд амалиётида муҳим аҳамият касб этадиган масалалар юзасидан турли амалий машғулотлар ўтказилиб келинмоқда.

 

 

Рустам Туримбетов

                                                                 Судьялар олий мактаби ходими

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech