Кўп бериладиган саволлар

Судьялар олий мактабининг судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига қабул қилиш билан боғлиқ саволлар ва уларга жавоблар

  1. Савол: Олий маълумот тўғрисидаги дипломи нострификация қилинган талабгорнинг юридик ихтисослик бўйича иш стажи қайси пайтдан ҳисобланади?

Жавоб: Олий маълумот тўғрисидаги дипломи нострификация қилингандан кейинги даврдаги иш стажи ҳисобланади.

  1. Савол: Агар талабгор ишлаган ташкилот тугатилган бўлса, охирги уч йил давомида бажарган ишлари тўғрисидаги иш жойидан маълумот-тавсифнома қандай тартибда олинади? Талабгор уч йил давомида умуман ишламаган бўлсачи? Кадрлар бўлими бошлиғидан олса бўладими?

Жавоб: Агар ташкилот тугатилган бўлиб, унинг ҳуқуқий вориси мавжуд бўлмаса, ушбу ташкилотнинг тугатилганлиги тўғрисида маълумот тақдим этилиши лозим. Мабодо ҳуқуқий вориси мавжуд бўлса, тавсифнома ушбу ҳуқуқий ворис бўлган ташкилотдан олиниши лозим. Шунингдек, агар талабгор уч йил давомида умуман ишламаган бўлса, ишсизлик тўғрисида маълумот тақдим этилиши лозим. Тугатилган ёки тугатилаётган ташкилотнинг Кадрлар бўлими бошлиғидан маълумот-тавсифнома олиш мумкин эмас, балки бевосита иш берувчи, яъни - ташкилот раҳбаридан олиниши лозим.

  1. Савол: Талабгорнинг олий юридик маълумот тўғрисидаги дипломи қайси таълим шифрида бўлиши лозим?

Жавоб: Таълим шифри 5240100 ёки 5380100 бўлиши лозим.

  1. Савол: Қабул комиссиясига олий юридик маълумот тўғрисидаги диплом ва меҳнат дафтарчасининг асл нусхалари топшириладими ёки нусхалари топшириладими?

Жавоб: Олий юридик маълумот тўғрисидаги диплом ва меҳнат дафтарчасининг нотариал тартибда тасдиқланган  ёки, агар ходим давлат органида ишлаётган бўлса, ушбу давлат органининг муҳри билан тасдиқланган нусхаси топширилади.

  1. Савол: Олий юридик маълумот тўғрисидаги диплом, деганда қайси диплом назарда тутилган?

Жавоб: Қабул комиссиясига олий юридик маълумот тўғрисидаги диплом сифатида тегишли олий юридик таълим муассасасини битирганлигини тасдиқловчи бакалавр дипломи нусхаси топширилиши керак. Бундан ташқари, агар мавжуд бўлса, талабгорнинг тегишли олий юридик таълим муассасасини битирганлигини тасдиқловчи магистрлик дипломининг, ҳуқуқ ихтисослиги бўйича илмий даражаларини тасдиқловчи дипломларининг нусхалари ҳам топширилиши мақсадга мувофиқ.

  1. Савол: Иш жойидан тавсиянома кимнинг номига тақдим этилади?

Жавоб: Иш жойидан тавсиянома Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби директори номига ёзилиши лозим.

  1. Савол: Иш жойидан тавсиянома ва маълумот-тавсифнома қандай шаклда ва мазмунда тўлдирилади?

Жавоб: Иш жойидан тавсиянома ва маълумот-тавсифноманинг намуналари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг Интернет тармоғидаги https://sudyalaroliymaktabi.uz/ расмий сайтида мавжуд.

  1. Савол: Талабгор ва уни яқин қариндошларининг судланганлик ҳолати бўйича маълумотномани тўлдиришда “яқин қариндошлар” деганда кимлар тушунилади ва бундай маълумотнома қандай тартибда олинади?

Жавоб: Ушбу маълумотномани олиш учун сўровномага яқин қариндошлар сифатида талабгор, унинг ота-онаси, фарзандлари, ака-укалари, опа-сингиллари, шунингдек, унинг турмуш ўртоғи, турмуш ўртоғининг ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари ҳақидаги маълумотлар киритилади. Бундай маълумотнома давлат хизматлари марказларидан, талабгор ишлаётган ташкилот томонидан ички ишлар органларига юбориладиган сўровнома асосида ёки Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари ва ҳарбий судлари қошидаги Судьяларнинг малака ҳайъатлари орқали олиниши мумкин.

  1. Савол: Талабгор ва уни яқин қариндошларининг судланганлик ҳолати бўйича маълумотномага вафот этган яқин қариндошлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам киритиладими?

Жавоб: Ҳа, киритилади.

  1. Савол: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлар ва жисмоний нуқсонлар йўқлиги ҳақидаги тиббий маълумотнома қандай шаклда бўлади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2020 йил 31 декабрдаги 363-сонли буйруғи билан тасдиқланган илованинг 76-бандига кўра, бундай маълумотноманинг 086-1-шакл А-5 форматда бўлиши белгиланган. Маълумотнома намунаси https://sudyalaroliymaktabi.uz/  сайтига жойлаштирилган.

  1. Савол: “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига қабул қилиш тўғрисида”ги Низомнинг 14-бандида “Кириш синовлари давлат тилида ўтказилади. Қабул комиссиясининг қарорига асосан кириш синовлари бошқа тилларда ҳам ўтказилиши мумкин” деб белгиланган. Иншонинг ўзбек тилидан бошқа тилда ҳам ёзилишига рухсат этиладими?

Жавоб: Иншо ўзбек ва қорақалпоқ тилида ёзилиши мумкин. Бошқа тилларда ёзилиши тақиқланади ва рухсат берилмайди. Бошқа ҳужжатларга (сўровнома, таржимаи ҳол, маълумотнома-тавсифнома, тавсиянома ва бошқаларга) ҳам тил бўйича шу талаб татбиқ этилади.

  1. Савол: “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига қабул қилиш тўғрисида”ги Низомнинг 20-бандида инглиз, немис ёки француз тиллари, шунингдек, бошқа чет тиллар учун ҳам – миллий сертификат ёки халқаро синов тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори” деб белгилаб қўйилган. Агар талабгорда инглиз, немис ёки француз тилларидан бошқа чет тили, масалан, хитой тили бўйича сертификат мавжуд бўлиб, унда тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори эканлиги ҳақидаги ёзув аниқ белгилаб қўйилмаган бўлса, бундай сертифатнинг ўзбек тилидаги таржимаси талаб этиладими?

Жавоб: Давлат тест маркази фақат инглиз, немис ёки француз тиллари бўйича тест синовларини олиши сабабли сертификатларни ҳам фақат шу тиллар бўйича қабул қилиш керак.

  1. Савол: Юридик ихтисослик бўйича иш стажи тушунчасига аниқлик киритсангиз.

Жавоб: Қуйидаги ходимларнинг меҳнат фаолияти юридик ихтисослик бўйича меҳнат стажи сифатида инобатга олинади:

  1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими;
  2. Суд тизими ходими (мансаб даражаси бериладиган лавозимлар ( https://lex.uz/docs/251407#285795 );
  3. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган (прокуратура, ИИВ, ДХХ) масъул ходими;
  4. Суриштирув органлари масъул ходими;
  5. Адлия органлари ва муассасалари масъул ходими (мартаба даражаси бериладиган лавозимлар ( https://lex.uz/docs/1761241 );
  6. Адвокат;
  7. Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходими;
  8. Нодавлат ташкилотлар юридик хизмати ходими;
  9. Олий таълим муассасасида ҳуқуқ фанларидан ўқитувчи.
  10. Бошқа давлат органлари ва ташкилотларида юридик ихтисослик бўйича меҳнат стажи шу идора раҳбарининг маълумотномаси асосида тасдиқланиши лозим.

 

  1. Савол: 2020 йил 1 январдан бошлаб меҳнат дафтарчаси электрон тарзда юритиш тартиби жорий қилинди. uz интерактив хизматлари орқали олинган электрон меҳнат дафтарчаси нусхаси тан олинадими ёки у қоғоз шаклида чоп этилиб, нотариал тартибда тасдиқланиши керакми?

Жавоб: my.gov.uz интерактив хизматлари орқали олинган электрон меҳнат дафтарчаси нусхасини нотариал тартибда тасдиқлаш талаб этилмайди. Бироқ, меҳнат дафтарчасининг бундай электрон нусхасида махсус код (qr code) бўлиши шарт. 

  1. Савол: талабгорнинг олий юридик маълумот тўғрисидаги дипломи ва меҳнат дафтарчасининг асл нусхалари қандай тартибда қабул қилинади?

Жавоб: олий юридик маълумот тўғрисидаги диплом ва меҳнат дафтарчасининг нотариал тасдиқланган нусхаси, агар ходим давлат органида ишлаётган бўлса, ушбу давлат органининг муҳри билан тасдиқланган нусхаси тақдим этилиши керак. Шу билан бирга, агар талабгор бу ҳужжатларнинг аслини судьялар малака ҳайъатлари орқали ёки бевосита Судьялар олий мактаби қабулхонасига топшираётган бўлса, улар мазкур ҳужжатларнинг аслини унинг нусхаси билан солиштириб кўришади ва аслини талабгорга қайтариб, нусхаларини олиб қолишади ва “Аслига тўғри” деган ёзувни киритиб қўйишади. Эслатиб ўтамиз, my.gov.uz интерактив хизматлари орқали олинган электрон меҳнат дафтарчаси нусхасини нотариал тартибда тасдиқлаш талаб этилмайди. Бироқ, меҳнат дафтарчасининг бундай электрон нусхасида махсус код (qr code) бўлиши шарт.

 

  1. Савол: талабгорнинг иш жойидан олинадиган маълумот-тавсифнома қандай шаклда расмийлаштирилган бўлиши керак?

Жавоб: маълумотнома-тавсифнома талабгор ишлайдиган ташкилот раҳбари томонидан имзоланган ва ташкилотнинг муҳри билан тасдиқланган, тавсиянома эса ташкилотнинг расмий бланкасида ёзилган ва раҳбар томонидан имзоланган бўлиши лозим.

  1. Савол: талабгорлар 086/1 шаклдаги тиббий маълумотнома олишни сўраб мурожаат қилишганида, айрим поликлиникалар ушбу шакл бекор бўлганлиги важи билан маълумотномани беришмаган. Шу тўғрими?

Жавоб: нотўғри, бундай маълумотнома берилиши ҳақида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2020 йил 31 декабрдаги 363-сонли буйруғи ҳозир ҳам амалда. Мазкур буйруқ билан тасдиқланган илованинг 76-бандида бундай маълумотноманинг 086-1-шакл А-5 форматда бўлиши белгиланган. Маълумотнома намунаси https://sudyalaroliymaktabi.uz/   сайтига жойлаштирилган.

  1. Савол: номзод ва унинг хотини/эрининг яқин қариндошлари турли вилоятларда истиқомат қилишади. Номзод давлат хизматлари агентлигига судланганлик ҳолати юзасидан маълумотнома олиш учун мурожаат қилганида, у фақат ўзи ҳақидаги маълумотни олиш имкониятига эга. Бундай вазиятда номзод қандай йўл тутиши керак бўлади?

Жавоб: у яқин қариндошларини судланганлиги ҳолати юзасидан маълумотнома олиш учун тегишли судьялар малака ҳайъатларига мурожаат этиши ва тегишли органдан малака ҳайъатларининг ёзма сўрови орқали жавоб олиши мумкин.

  1. Савол: талабгорнинг психиатрия ва наркология муассасаларида ҳисобда турмаслиги тўғрисидаги маълумотнома икки хил шаклда берилмоқда, аммо иккисида ҳам QR code bor. Иккаласи ҳам бир хил юридик кучга эгами?

Жавоб: ҳа, иккаласи ҳам бир хил юридик кучга эга.

  1. Савол: талабгор ҳужжатларини топшираётган вақтида 34 ёшга тўлмаган, бироқ 2022 йилда 34 ёшга тўлади. Унинг ҳужжатини қабул қилиш мумкинми?

Жавоб: бундай ҳолда унинг ҳужжати қабул қилинади.

  1. Савол: талабгорнинг олий юридик маълумот тўғрисидаги дипломининг асл нусхаси ҳанузгача у ўқиган олийгоҳда сақланмоқда. Бундай ҳолда талабгор ушбу дипломнинг кўчирма нусхасини топширса бўладими?

Жавоб: йўқ, дипломнинг асл нусхаси топширилиши керак.

 

  1. Савол: охирги 3 йилги иш жойидан маълумот-тавсифнома олишда талабгорга олдин ишлаган жойидан маълумот-тавсифнома бермаслик ҳолатлари ҳам учрамоқда. Мазкур масалага қандай ечим топиш мумкин?

Жавоб: агар талабгор охирги иш жойида уч йилдан кам муддат  ишлаган бўлса, у олдинги иш жойидан маълумот-тавсифнома олиши лозим. Эслатиб ўтамиз, агар ташкилот тугатилган бўлиб, унинг ҳуқуқий вориси мавжуд бўлмаса, ушбу ташкилотнинг тугатилганлиги тўғрисида маълумот тақдим этилиши лозим. Мабодо ҳуқуқий вориси мавжуд бўлса, маълумот-тавсифнома ушбу ҳуқуқий ворис бўлган ташкилотдан олиниши керак. Шунингдек, агар талабгор уч йил давомида умуман ишламаган бўлса, ишсизлик тўғрисида маълумот тақдим этилиши лозим.

 

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech