17 Март 2021 1012

Жойларда судьялар ва суд ходимларининг касбий этикаси бўйича ўқув курслари ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби,  АҚШнинг халқаро ривожланиш бўйича агентлиги (USAID) ҳамкорлигида жорий йилнинг 12 март куни Навоий вилоят судининг судьялари ва суд ходимлари иштирокида “Ўзбекистон Ресупбликаси Судьяларининг одоб-ахлоқ кодексини амалий қўлланилиши ва фуқароларнинг судларга ишончини янада ошириш” мавзусида ўқув семинар бўлиб ўтди.

Навбатдаги ўқув семинарда Навоий вилояти, туман (шаҳар) судининг судьялари ва суд ходимлари иштирок этишди.

 

Семинарда Судьялар олий мактаби  “Касбий кўникмалар” кафедраси мудири ю.ф.н, доц Н.Қурбонов ва Ҳалқаро бўлим бошлиғи Ў.Холиқов маъруза билан қатнашишди.

Иштирокчиларга “Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси” мазмун-моҳияти, ушбу Кодексга асосан ҳар бир судья ва суд ходимлари учун одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ касбий фаолиятида ва хизматдан ташқари вақтда мажбурий бўлган юксак одоб-ахлоқ қоидалари этиб белгиланиши, ушбу талабларга барча судья ва суд ходимлари сўзсиз риоя қилиши лозимлиги, ушбу Кодекс судьялар ваколатини амалга оширишга ҳақлилиги ва судьялик мақомига муносиблигининг муҳим шарти эканлиги,  одил судлов ва судьялар одоб-ахлоқи соҳасидаги халқаро стандартлар, “Судьяларнинг одоб-ахлоқига оид Бангалор принциплари”, судьяларнинг мустақиллиги ва холислиги принципи, суд тизимида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг ўзига хос хусусиятлари, судьяларда коррупцияга қарши иммунитетни шакллантириш, шунингдек судлар томонидан чиқариладиган қарорлар беғараз бўлиши, судьялик мақомига муносиб бўлган ҳолда фуқаролар ва суд процесси иштирокчилари билан доимо хушмуомалада бўлишлари лозимлиги, шунингдек судьяларнинг ҳалол ва пок бўлишлари, қонуний ва адолатли қарор қабул қилишлари эса судьяларнинг кунлик шиорига айланиши лозимлиги ҳақида айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, Судьялар олий кенгаши ҳузурида “Судьялар клуби” ташкил этилганлиги, ушбу клубда амалдаги моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтиришлар бериши ҳақида маълумот берилди.

Семинар иштирокчилари суд тизимидаги ислоҳотлар, судьяларнинг мустақиллиги ва холислигини таъминлашдаги кафолатлар, судьяларни фуқароларни рози қилишлари лозимлиги ҳамда суд ишларини адолатли кўриб чиқишни янада такомиллаштириш чоралари, оммавий ахборот воситалари вакилларининг судларда иштирокини ўзига хос хусусиятлари, суд этикаси билан боғлиқ амалиётдаги вужудга келаётган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш усуллари юзасидан қатор фикрлар билдиришди.

Ҳар бир ҳудудда ўтказилиши режалаштирилган ўқув семинар, дастлаб Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоят судлари судьялари ҳамда суд ходимлари иштирокида ҳам ўтказилган эди.

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech