22 Октябрь 2021 885

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби вакиллари Туркий Кенгашга аъзо давлатларнинг одил судлов соҳасидаги таълим муассасаларининг биринчи йиғилишида иштирок этишди

Турк кенгашининг таклифига асосан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби вакиллари Туркия одил судлов академиясида Туркий кенгашга аъзо давлатларнинг одил судлов соҳасидаги таълим муассасаларининг биринчи йиғилишида иштирок этдилар. Тадбирда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этди.

Ташриф давомида Туркия одил судлов академияси, Адлия вазирлиги, Олий кассация суди, Маъмурий ишлар бўйича олий суд, Суд ва прокурорлар кенгаши ҳамда Туркиянинг «Анқара-Бати» Адолат саройида учрашувлар ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби томонидан мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган улкан ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, шунингдек судьяларни тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш соҳасидаги тажрибаси борасида йиғилиш иштирокчиларига маълумот берилди. Судьялар олий мактабида олий таълимдан кейинги таълимнинг жорий этилганлиги иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Ташриф давомида туркий тилда сўзлашувчи давлатларнинг одил судлов академияларининг уюшмасини тузиш масаласи муҳокама қилинди, Туркия судьялар ҳамжамияти органларининг фаолияти ҳамда судьяларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тартибга солувчи қонунчилиги ҳамда амалиёти ўрганилиб, томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини яратиш бўйича келишувларга эришилди.

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech