“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилиниб, 25 июндан 5 июль кунига қадар умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинди.

 

Янги киритилаётган нормалар қонунчиликда қандай ўзгаришларга олиб келади, жамият ҳаётида қандай ижобий натижаларни акс эттиради, деган саволлардан келиб чиқиб, мазкур масалаларни чуқур ўрганиш ва муҳокама этиш мақсадида жорий йилнинг 29 июнь куни Судьялар олий мактабида “Ўзбекистон Конституциясини ўзгартиришга оид қонун лойиҳаси муҳокамада мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Судьялар олий мактабининг докторантлари мавзу юзасидан бир қатор маърузалар қилишди. Қуйида маърузачиларнинг баъзи бир фикрлари билан яқиндан танишасиз:

Холмурод ИСАНОВ, Судьялар олий мактаби докторанти, юридик фанлар номзоди:  

Амалдаги барча қонунлар, ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституцияга зид бўлмаслиги керак. Шунингдек, судлар томонидан одил судлов қонунга қатъий мувофиқ ҳолда амалга оширилиши билан бир пайтда, судлар томонидан қўлланиладиган қонунлар ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг барчаси Конституцияга мос бўлишини ҳам талаб этади.

Бошқача айтганда суд амалиётида қўлланиладиган ҳар қандай  қонун ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституцияга зид бўлмаслиги керак. Албатта, судлар томонидан қўлланиладиган ҳар қандай қонун ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мос эмаслиги тўғрисида масалалар пайдо бўлганда, ушбу масала бевосита конституциявий суд томонидан кўриб чиқилиши лозим.

Бундай масаланинг пайдо бўлишини баъзи ҳолларда фуқаролар ва юридик шахсларнинг муайян иш юзасидан суд томонидан уларга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш ҳақидаги шикоятлари билан изоҳлаш мумкин. Бу эса Конституциявий суднинг ваколатларини кенгайтириш зарурати борлигидан далолат беради.

Юқоридагиларга асосланиб Конституциямизнинг 109-моддасини Конституциявий суднинг ваколатларига оид ушбу мазмундаги банд билан тўлдириш таклиф этилади: “Ўзбекистон Республикасининг судлари томонидан муайян ишларда қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш ҳақидаги фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоятларини кўриб чиқади”.

Озода ШАМСИДДИНОВА, Судьялар олий мактаби докторанти:

Жорий йилнинг 20 июнь куни президентимиз Шавкат Мирзиёев республика Конституциявий комиссияси аъзолари билан учрашув давомида Конституцияга ўзгартириш киритиш юзасидан фуқаролар томонидан билдирилган айрим таклифларга муносабат билдириш асносида ўз таклифларини илгари сурди. Жумладан, фуқароларнинг мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ёки яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи, мамлакатдан тўсиқларсиз чиқиш ва қайтиш ҳуқуқи кафолатланиши лозимлиги қайд этилди. Бундан ташқари, шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва унинг кафолатлари Конституция даражасида мустаҳкамланиши зарур, дея қайд этиб ўтди.

Мазкур кафолатлар лойиҳанинг 39-моддаси тўртинчи қисмида ўз ифодасини топди.

“Давлат ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд ва кам таъминланган, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни қонунда белгиланган тартибда уй-жой билан таъминлайди” деб киритилмоқда.

Муроджон ШЕРМАТОВ, Судьялар олий мактаби докторанти:

Конституциямизнинг 32-моддасида назарда тутилган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади[1]” деб кўрсатилган. Мазкур модда фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари умумий ва кўрсатилган бўлиб, уларни алоҳида санаб ўтиш ва бу орқали оддий халқнинг тушунишини таминлаш лозим. Чунки халқаро стандлартлар, чет давлатлар  ва миллий қонунчилигимиз тажрибасини таҳлил қиладиган бўлсак ҳар бир конституцион модда халқчил ва тушунарли бўлиши бўлиши лозимлиги таъкидланади. Шу билан бирга, мазкур модда номидан келиб чиқиб давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга ошириш деб келтириб ўтилган қисмини, сиёсий ҳуқуқ сифатида эътироф этилганидан келиб чиқиб, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳуқуқи мавжуд деб киритиш лозим.

Бевосита Ш.Л.Монтескье ҳуқуқий тизимнинг мустаҳкамлиги бевосита қонунларнинг сифати, таъсирчанлиги ва ижросига боғлиқ, дейди. Қонундаги тушунчалар аниқ бўлиши, ҳар хил талқин қилиш имкониятини истисно этиши керак. Қонунлар матни мантиқ бўйича машқлар бўлмаслиги, ақлий салоҳияти ўртача бўлган одамларга мумкин қадар тушунарли бўлиши лозимлиги келтирилган.

Давра суҳбати давомида лойиҳадаги инсон ҳуқуқ-эркинликлари ва манфаатлари, Ўзбекистон — ижтимоий давлат, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантириш, инсонпарвар ва демократик ҳуқуқий давлат қуриш каби устувор йўналишларга тўхталиб ўтилди.

 

 

Отабек МУТАЛОВ, Судьялар олий мактаби докторанти:

Интернетга кириш ҳуқуқини нега конституцияда кафолатлаш керак деган савол туғилади. Биринчидан, интернетга кириш ҳуқуқи БМТ томонидан инсоннинг асосий ҳуқуқи сифатида эътироф этилган бўлиб, Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари конституцияда кафолатланиши лозим. Иккинчидан, бугунги кунда конституцияда белгиланган давлат ва фуқаро ўртасидаги 30дан ортиқ муносабатлар амалга ошиши учун интернет зарурдир. Аммо интернет нодавлат провайдерлар орқали таъминланадиган тармоқ. Давлат унинг ишлаши ва ривожланиши учун шароит яратиб қўллаб-қувватламаса, фавқулодда ҳолатларда ёки бошқа вазиятларда интернет ишлаши тўхтатилиши давлат ичида ҳам халқаро даражада ҳам салбий оқибатлар келтириб чиқаради. Халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра, давлатларда интернетни узиб қўйиш ҳолатлари борган сари кўпаймоқда. Шу сабабли кўплаб халқаро ташкилотлар давлатларга интернетдан фойдаланиш ҳуқуқини конституциявий кафолатлашни тавсия қилишади.

Мадина АБДУАЛИМОВА, Судьялар олий мактабининг докторанти:

— Конституциямизнинг 55-моддасида “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир” деб белгиланган. Ушбу нормани қуйидаги таҳрирда белгиланиши мақсадга мувофиқ:

“Хусусий мулк дахлсиз ва қонун билан кафолатланади. Мулкдор иродасига қарши ўз мулкидан суд қарорисиз маҳрум этилиши мумкин эмас. Мулкни давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш фақатгина қонунда назарда тутилган ҳолларда фақат олдиндан ва тенглаштирилган компенсация тўлаш шарти билан амалга оширилади”.

Ушбу таҳрирнинг аҳамияти шундаки, биринчидан, давлатнинг ҳудудий яхлитлиги, сарҳадлари ва суверенитетини табиий ресурсларга нисбатан мулкни белгилайди, иккинчидан, табиий ресурсларга нисбатан мулк ҳуқуқининг белгиланиши, ўз навбатида давлатимизнинг иқтисодий асосларини белгилайди, учинчидан, ерга нисбатан турли шаклдаги мулк ҳуқуқи, яъни давлат ва хусусий мулк ҳуқуқининг жорий этилиши давлат органлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ерга эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқларини мустаҳкамлайди. Конституциямизда ҳам ушбу қоидаларни ўрнатиш мулкнинг дахлсизлигини, мулкдорнинг ҳуқуқларини етарлича ҳимоя қилиш ва кафолатлашга, жамиятда мулкдорнинг ўз ҳуқуқларини тўсиқсиз, эркин тарзда амалга оширишига хизмат қилади.

Севара БЕГМАТОВА, Судьялар олий мактаби таянч докторанти:

Иқтисодий фаолиятни амалга оширишда қонунга хилоф хатти-ҳаракатларнинг тўқнашувига йўналтирилган, рағбатлантрувчи хусусиятга эга чоралар қўллаш учун зарур бўлган иқтисодий рақобатнинг ҳуқуқий кафолатларини белгилаб берувчи нормалар ҳар бир давлатнинг асосий Қомусида мусаҳкамланган бўлиши лозим. Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонунида нафақат инсофсиз рақобат тушунчасига таъриф берилган, балки унинг қонун билан таъқиқланган усуллари ҳам кўрсатиб ўтилган.

Хусусан ушбу қонуннинг 4-моддасига биноан, рақобат  — хўжалик юритувчи субъектларнинг (рақобатчиларнинг) мусобақалашуви бўлиб, бунда уларнинг мустақил ҳаракатлари улардан ҳар бирининг товар ёки молия бозоридаги товар муомаласининг умумий шарт-шароитларига бир томонлама тартибда таъсир кўрсатиш имкониятини истисно этади ёки чеклайди. Шунингдек, қонунда инсофсиз рақобат тушунчасига таъриф берилган бўлиб, унга биноан инсофсиз рақобат бу — хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг иқтисодий фаолиятни амалга оширишда афзалликларга эга бўлишга қаратилган, қонунчиликка, иш муомаласи одатларига зид бўлган ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектларга (рақобатчиларга) зарар етказадиган ёки зарар етказиши мумкин бўлган ёхуд уларнинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган ёки путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатларидир.

Рақобатни ҳимоя қилишга доир нормалар қонунчиликда ўз аксини топган бўлса-да, ушбу соҳадаги концептуал аппаратни конституциявий жиҳатдан аниқлаштириш зарур. Рақобатни рағбатлантирувчи, уни қўллаб-қувватлашга кўмаклашувчи институтларнинг қўлланилиши бошқа конституциявий тамойилларни назарда тутган ҳолда амалга оширилиши зарур (Иқтисодий фаолият эркинлиги тамойили).

Давра суҳбати очиқ мулоқот тарзида ўтказилиб, унда таниқли ҳуқуқшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар, тажрибали мутахассислар, докторант ва илмий изланувчиларнинг билдирган фикр-мулоҳазалари тадбир савиясини мазмунли бўлишини таъминлади. 

 

[1] Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддаси. https://lex.uz/docs/20596#39861

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech