3 Июль 2020 1519

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СУДЬЯЛАР ОЛИЙ КЕНГАШИ ҲУЗУРИДАГИ СУДЬЯЛАР ОЛИЙ МАКТАБИДА “СУД АМАЛИЁТИНИНГ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАРИ” МАВЗУСИДА ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ЎТКАЗИЛДИ.

Конференцияда, хорижий экспертлар, ЮНИСЕФ халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимлари, Бош прокуратура Академияси, Тошкент давлат юридик университети, Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти вакиллари, Олий суд, Тошкент шаҳар ва туман судлари судьялари, Судьялар олий мактаби профессор ўқитувчилари   ва магистратура тингловчилари иштирок этдилар.

Конференцияда Япония Адлия вазирлиги Халқаро ҳамкорлик департаменти вакили судья Куроки Коута, Нагоя иқтисодиёт университети  профессори Ичихаши Кацуя, ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти эксперти Сафинас Ахаева, маъмурий, жиноят  ва иқтисодий суд ишларини юритиш соҳасида бир қатор  миллий  экспертларнинг  маърузалари тингланди.

Конференция онлайн видео конференция режимида ялпи  ва икки секция мажлиси шаклида ўтказилди. Хусусан, “Суд амалиёти: хорижий ва миллий тажриба” номли ялпи йиғилишда маъмурий акт ва уни маъмурий орган ташаббуси билан бекор қилишдаги айрим чекловлар, маъмурий суд иш юритувида судга мурожаат қиладиган шахслар доираси – учинчи шахслар таҳлили мисолида, вояга етмаганларни жиноят судлови доирасидан чиқариш  тажрибаси, прокурор томонидан процессуал қонунчиликни қўллаш масалалари муҳокама қилинди.

Шундан сўнг, конференция иши секция йиғилишларида давом эттирилди.

“Жиноят ишлари юритувига янги процессуал институтларни жорий этиш истиқболлари” секциясида жиноят ишлари юритувида бепул юридик ёрдам институтини такомиллаштириш, миллий қонунчиликка дастлабки суд муҳокамасини татбиқ қилиш, жиноят процессида тергов судьяси институтини жорий қилиш   масалалари муҳокама қилинди.

“Суд амалиётида маъмурий иш юритувига оид қонунчилик нормаларини қўллаш масалалари” секциясида Маъмурий жавобгарлик тўғрисида кодексни такомиллаштириш, маъмурий суд ишларини юритишда прокурорнинг иштироки, маъмурий суд ишларини юритишни такомиллаштириш, масалалари, судловга тааллуқлиликни белгилашнинг асосий мезони сифатида маъмурий ҳужжат каби масалалар муҳокама қилинди.

Тадбир якунида халқаро ва миллий экспертлар  суд ва қонунни  қўллаш амалиётини такомилаштириш масалаларида конструктив ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech