«ТАДБИРКОРЛАР ҲУҚУҚИ СУД ҲИМОЯСИДА»
Бугун 26 сентябрь куни Судьялар олий мактабида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан “Тадбиркорлар ҳуқуқи суд ҳимоясида” мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар судлов ҳайъати, Тошкент туманлараро судининг судьялари, Судьялар олий мактаби профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси вакиллари, тадбиркорлар иштирок этишди.
Тадбирда “Тадбиркорлар ҳуқуқи суд ҳимоясида” амалий қўлланма-сининг тақдимоти ўтказилди. Амалий қўлланма муаллифлари юридик фанлар номзодлари, доцентлар Малика Қаландарова ва Собир Холбаев томонидан қўлланманинг яратилиши, мазмун-моҳияти ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги аҳамияти батафсил тушунтирилди.
Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан нашр этилган мазкур амалий қўлланмада тадбиркорларнинг судларга даъво аризаси ёки ариза билан мурожаат қилиш, турли илтимосномалар киритиш, низоларни ҳал этишда иштирок этиш ҳамда суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш тартиби сингари ҳақ-ҳуқуқлари баён қилинган.