26 Май 2022 506

СУДЬЯЛАР ОЛИЙ МАКТАБИДАГИ ЯНГИЧА ЁНДАШУВЛАР

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг олдида турган муҳим вазифалардан бири – судьялар ва судлар аппарати ходимларига янги жамиятда рўй бераётган туб демократик ислоҳотларнинг мазмун ва моҳиятини етказиш, касбий, жумладан ҳуқуқ нормаларини шарҳлаш ва қўллаш масалаларига доир кўникма ва қобилиятларни такомиллаштиришга қаратилган, давомийлиги икки ҳафтадан кам бўлмаган муддат давомида малака ошириш курсларини ташкил этишдир.

Ушбу муҳим вазифани самарали амалга ошириш мақсадида сўнгги пайтларда Судьялар олий мактабида янгича ёндашувлар асосида бир қанча амалий ишлар қилинмоқда.

Биринчидан, Судьялар олий кенгаши, Олий суд билан ҳамкорликда икки ҳафталик малака ошириш курсида ўқиши лозим бўлган судьяларни танлаб олиш жараёнида уларнинг фаолияти чуқур таҳлил қилинмоқда.

Бунда ҳар бир йўналиш бўйича судьялар томонидан қабул қилинаётган суд ҳужжатларининг сифати, амалиётда қонунларни тўғри қўллай билиши (квалификация), судьялик фаолиятини тўлақонли амалга ошириш ва судлар ишини ташкил этиш лаёқати алоҳида эътиборга олинади. Айни пайтда тингловчилар асосан вилоят, туман (шаҳар) судларидан сараланиб ўқитилмоқда.

Иккинчидан, икки ҳафталик малака ошириш курсига қўйиладиган дарс мавзулари Судьялар олий мактаби кафедралари томонидан юқорида кўрсатиб ўтилган ўрганиш натижалари таҳлиллари асосида, қайси йўналиш судларига қандай дарс машғулотлари зарурияти борлигини инобатга олган ҳолда дарс жадвалларига қўйилмоқда.

Учинчидан, дарс машғулотларини олиб борадиган ўқитувчиларнинг билими, тажрибаси, педагогик қобилияти, дунёқараши ҳисобга олинган ҳолда саралаб жалб этилмоқда.

Тўртинчидан, малака ошириш курсини ҳар томонлама самарали ва сифатли ташкил этиш мақсадида қуйидагиларга эътибор қаратилмоқда:

- икки ҳафталик малака ошириш курсида ўқийдиган тингловчиларнинг таркибини ўқув бошланишидан камида 10 кун олдин аниқлаштирилмоқда;

- тингловчиларнинг малака ошириш курси бошланганидан то тугагунигача бўлган даврда қатъий тартиб-интизомга бўйсуниб, дарс жараёнида фаол иштирок этишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар кучайтирилмоқда;

- икки ҳафталик малака ошириш курсида ўқийдиган ҳар бир гуруҳ тингловчилари учун ахборот алмашиш, ўзаро мулоқот майдонини яратиш мақсадида телеграмм каналини ташкил этиш амалиёти вужудга келди;

- малака ошириш курсини муваффақиятли тугатган тингловчиларга Сертификатларни тантанали топшириш бўйича ҳам янги тизим жорий этилди. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти судлари тингловчиларига Судьялар олий мактаби раҳбарияти томонидан шахсан топшириш, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда эса малака ҳайъати комиссиялари ёки вилоят судлари раислари томонидан тантанали равишда топшириш амалиёти йўлга қўйилди. Уларга бериладиган Сертификатлар дизайни тубдан янгиланди. 

2022 йилнинг 28 май куни Олий мактабда жорий йилнинг 16 майдан 28 майга қадар икки ҳафталик малака ошириш курсида ўқиган судьялар ва судлар аппарати ходимлари учун якуний тест имтиҳони ўтказилди.

Бу галги малака ошириш курсида жиноят ҳамда фуқаролик ишлари бўйича судлар судьялари, шунингдек иқтисодий судлар аппарати ходимлари таҳсил олишди.

 Онлайн тарзда ўтказилган имтиҳонда барча тингловчилар “ZOOM” платформаси орқали edu.sudya.uz сайтида жойлаштирилган 30 та тест саволига 30 дақиқа давомида жавоб беришди.

Тест жараёнида Судьялар олий мактаби ходимлари тингловчиларнинг тест саволлари жавобини кимдандир сўраб олмаслиги, ўқув қўлланма ёки бирон-бир дарсликдан фойдаланмасликлари учун компьютерда ўрнатилган камера орқали “ZOOM” платформасида кузатиб боришди.

Малака ошириш курсларининг якуний имтиҳонлари учун ишлаб чиқилган махсус дастур ҳар томонлама холислик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади. Имтиҳон жараёнида инсон омили кам иштирок этади. Гап шундаки, имтиҳон топшираётган тингловчилар тест саволларини ечиб бўлиб экрандаги “Тугатиш” тугмачасини босишлари билан улар тўплаган балл экранда кўринади.

Имтиҳон жараёнида тингловчиларнинг дарсларни ўзлаштириш даражаси ортганлиги кузатилди. Лекин, техник нуқтаи назардан баъзи бир хато ва камчиликларга ҳам йўл қўйилди. Яъни, тингловчилар тестларни ечиб бўлгач, экрандаги “Тугатиш” тугмачасини босиши кераклиги бир неча бор огоҳлантирилган бўлса-да фуқаролик йўналишида таҳсил олган 2 нафар тингловчи биринчи саволга жавоб бериб бўлишлари билан “Тугатиш” тугмачасини босиб имтиҳондан чиқиб кетишига сабабчи бўлди. Бу техник хато бўлганлиги сабабли ушбу икки тингловчига қайта имтиҳон топшириш имконияти берилди ва улар юқори натижалар билан тест саволларига жавоб беришди.

Қуйида тингловчиларнинг малака ошириш курсидан олган таассуротларини эътиборингизга ҳавола қиламиз:

– Малака ошириш курсида қўйилган дасрларнинг барчаси биз учун муҳим бўлди, деб ўйлайман, – дейди жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят Қўрғонтепа туман судининг судьяси Озодбек Неъматиллаев.

– Мисол учун “Стресс ва стрессни келтириб чиқарувчи ҳолатларни бошқариш” фанини олайлик. Судга иши тушган фуқароларнинг деярли барчаси кучли стресс ҳолатида бўлади, кимдир пулини ололмаган, кимдир ажрашяпти, яна кимнингдир корхонаси касодга учраб ходимларига ҳақ беролмаганидан иши судга оширилган, яна биров эса ноҳақ тухматга учраган. Бундай вақтларда уларнинг кўп қисми оғир стрессдан нотўғри ҳаракатни амалга ошириши ёки ноўрин сўз айтиб қўйиши мумкин. Ана шундай вазиятда биз судьялар ҳам уларга қўшилиб стрессга берилмасдан аксинча ўзимизни босиб ҳақ йўлни топишимиз керак. Бу нарсаларни кўпчилик билса-да амалга келганда инсонда чалғиб қолиши мумкин. Ушбу дарсдаги ўгитлар орқали биз стрессдан чиқиш учун яхшигина кўникмага эга бўлдик ва бу бизнинг кейинги фаолиятимизда ижобий натижа беришига аминман.

– Илм ўрганиш фақатгина мактабдан университет ёшигача бўлган ёшларга хос эмас, – дейди фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг раиси Журъат Нафасов.

– Судяьлар олий мактабидаги икки ҳафталик малака ошириш курси орқали биз судьялик касби учун зарур бўлган билим ва кўникмаларимизни чуқурлаштириб, амалиёт учун катта сармоя тўпладик, деб ҳисоблайман. Хусусан, менда бу низоларнинг келиб чиқиши, иш жараёнида низоларни ҳал қилишнинг самарали усулларини ўргатадиган Конфликтология фани жуда катта таассурот қолдирди. Боиси, ҳеч бир инсон ўзини низолардан доимий мухофаза килинганман, деб ҳисоблай олмайди. Чунки, конфликтлар баъзан кутилмаган ҳолда вужудга келиши ҳамда инсон ҳаёт тарзини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. Низо ҳар бир инсон ҳаётининг ажралмас қисмидир. Биз судьялар эса бутун фаолиятимиз давомида инсонлар ўртасидаги низоли вазиятларни ечиш йўлида ишлаймиз. Шунинг учун бу фан судьяларга жуда зарур, деб биламан.  

– Биз суд аппарати ходимларининг эпчиллигимиз, вақтдан унумли фойдаланишимиз судьяларимизнинг ишини олдинга юришида сезиларли таъсир қилади, – дейди Яккабоғ туманлараро иқтисодий судининг судья ёрдамчиси Мухриддин Эшдавлатов.

– Икки ҳафталик қисқа курс давомида  вақтни тўғри бошқариш бўйича  ташкил этилган дарс орқали ўзим учун муҳим тавсияларни олдим. Хусусан, ишлаш қобилияти ва ҳис-туйғуни бошқариш, мақсадни тўғри режалаштириш, вазифаларни белгилаш ва амалга ошириш,  олдиндан қўйилган мақсадга эришиш ҳамда хулоса чиқариш. Жамиятда ҳамма кишилар ҳам вақтни бошқариш кўникмасини ўзлаштириша олмайди. Шундай кўникмага эга бўлиб, ундан фойдаланганлар эса муваффақиятга эришадилар.

Икки ҳафталик малака ошириш курсида таълим олган жиноят судларидан 14 нафар тингловчидан 10 нафари имтиҳондан ўтди, 4 киши имтиҳонни муваффақиятли топшира олмади. Фуқаролик судларининг 14 нафаридан 13 нафари тестда юқори натижани олди, фақатгина 1 нафар тингловчи имтиҳондан ўта олмади. Иқтисодий судлар аппарати ходимларининг 13 тасидан 5 нафари тестдан ўтолмади, 8 нафари имтиҳонни муваффақиятли топширди.

Ўрни келганда шуни ҳам алоҳида қайд этиш жоизки, малака ошириш курсида ўқиб, якуний имтиҳонни муваффақиятли топширган судьяларга Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан жорий этилган Рейтинг балларига +3 балл қўшилади. Аксинча якуний имтиҳондан ўта олмаган судьяларнинг тўпланган Рейтинг балларидан -3 балл олиб ташланади.

Пировард мақсад, бугунги кун судьясининг касбий билим ва кўникмаларини чуқурлаштириш ва суд маъмуриятчилигини юритиш кўникмаларини эгаллашга, шунингдек иш ва бошқарувни ташкил этишнинг инновацион шакл ва услубларини ўзлаштиришга қаратилган.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech