2022 йил 6 август куни Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимиз одил судлови тарихида илк бор ташкил этилган, ягона тузилма — Судьялар олий мактабининг 2021-2022 ўқув йилида судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларига тантанали диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Судьялар олий кенгаши, Олий суд раҳбарияти, таниқли ҳуқуқшунос олимлар ва суд-ҳуқуқ тизими фахрийлари иштирок этишди.

2021-2022 ўқув йилини жами – 75 нафар тингловчи муваффақиятли якунлади. Судьялар олий мактаби ташкил этилганидан буён 132 нафар судьяликка номзодлар магистратура курсларида таълим олган бўлса, улардан 115 нафари (87 фоиз) судьялик лавозимига тайинланди. Бугун эса яна 75 нафар бўлажак судьялар уларнинг сафига қўшилмоқда.

Бундан ташқари, Судьялар олий мактабида айни пайтгача 897 нафар судья (мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган барча судьяларнинг 87 фоизи) ҳамда 461 нафар суд аппарати ходимларининг малакаси оширилди. Шунингдек, 100 га яқин халқаро ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда судьяликка номзодлар ҳамда судьялар учун маҳорат дарслари ва семинарлар ташкил этилди.

Одил судловнинг долзарб масалаларини тадқиқ қилиш мақсадида 50 га яқин халқаро ва 10 дан ортиқ республика миқёсидаги турли тадбирлар ўтказилди. Дарсларнинг сифатини янада яхшилаш мақсадида Олий мактабнинг 30 яқин ходимлари хорижий давлатлар таълим муассасаларида билим ва кўникмаларини оширган ҳолда тажриба алмашиб келишди.

Таълим жараёнига бевосита юқори малакали судьялар, ҳуқуқшунос олимлар, соҳа мутахассислари ҳамда халқаро экспертлар жалб қилинмоқда. Тажриба алмашиш мақсадида хорижий давлатларнинг судьяларни тайёрлаш бўйича махсус таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалар мустаҳкам ўрнатилган. Мисол учун, хориж  давлатлардаги Судьялар олий кенгашлари ҳузуридаги таълим муассасалари, хусусан, Испания Судьялар олий мактаби, Болгария Судьялар миллий институти, Руминия Миллий магистратура институти, шу билан бирга мустақил юридик шахс мақомига эга бўлган Франция Миллий магистратура мактаби, Италия Одил судлов мактаби ҳамда Канада Миллий судьялар институти билан ҳамкорликда мунтазам тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Шу ўринда Судьялар олий мактабида Инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ кафедраси ташкил этилганини ҳам алоҳида қайд этиш лозим.  Бунинг натижасида  амалдаги ва бўлажак судьялар учун янги ўқув модули, яъни инсон ҳуқуқлари оид нормалар ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларининг қўлланилиши бўйича ўқув машғулотлари шакллантирилди. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу таълим ва илмий тадқиқот даргоҳининг битирувчилари келажакда давлат ва жамият ҳаётида адолат ўрнатилишига амалий ҳиссалари қўшадилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech