10 Август 2020 984

Судьялар олий кенгашига янги раҳбар тайинланди

Холмўмин Ёдгоров Судьялар олий кенгашининг раиси этиб тайинланди.

Сенатнинг тегишли қарорига кўра, Холмўмин Буврабоевич Ёдгоров Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раиси этиб тайинланди.

Шу муносабат билан у ўзи эгаллаб турган Олий суд раиси ўринбосари лавозимидан озод қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлаш, энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан судьяларни тайинлаш, шунингдек раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун тавсия бериш асосида судьялар корпусини шакллантириш;
  • судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш;
  • судьяларни касбий тайёрлашни, уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш, судьяларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш, шунингдек уларни рағбатлантириш бўйича ташаббус кўрсатиш;
  • оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик олиб бориш, аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг судьялар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши масалаларига доир мурожаатларини кўриб чиқиш;
  • суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ва уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш;
  • судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги, шунингдек уларни жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортиш учун хулоса бериш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш.

Кенгаш раиси:

  • Кенгаш фаолиятига раҳбарликни амалга оширади ва Кенгаш зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
  • Кенгашнинг мажлисларини чақиради ва унда раислик қилади;
  • Кенгаш ваколатига тааллуқли масалаларни унинг кўриб чиқиши учун киритади;
  • давлат органлари, жамоат ташкилотлари ва халқаро ташкилотлар билан муносабатларда Кенгаш номидан иш кўради;
  • Кенгашнинг тегишли аъзолари лавозимига тавсия қилинаётган номзодлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимномалар киритади;
  • Кенгашнинг ижро этувчи девони ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод қилади;
  • Кенгашнинг ижро этувчи девони ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
  • Кенгашнинг ижро этувчи девони ходимларига мансаб даражаларини беради;
  • Кенгашнинг харажатлар сметасини тасдиқлайди ва молия-хўжалик фаолиятига ташкилий раҳбарликни амалга оширади;
  • Кенгаш номидан қарорларни, тақдимномаларни, мажлислар баённомаларини ва бошқа ҳужжатларни имзолайди.

Кенгаш раиси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech