2022 йил 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида Судьялар олий кенгашининг ташаббуси билан нашр қилинган “Уч машҳур ўзбек  аёли” номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирни мухтарсар кириш сўзи билан очган Судьялар олий кенгаши раиси Х. Ёдгоров мазкур китобни чоп этишдан кўзланган асосий мақсад, унинг судьялар фаолиятидаги амалий аҳамияти ҳақида тўхталди.

Айтилдики, китобда машҳур ўзбек ҳуқуқшунос аёллари — Хадича Сулаймонова, Мамлакат Восиқова ва ­Ҳалима Муҳитдинованинг ибратли ҳаёти ва фаолияти архив материаллари, тарихий далиллар ҳамда  уларнинг  замондошлари, шогирдлари хотиралари  асосида очиб берилади. Уларнинг мамлакатимиз юриспруденцияси тараққиётига қўшган муносиб ҳиссаси ҳақида батафсил сўз юритилади.

Мазкур  китоб  ҳуқуқшуносларга, шу соҳада мутахассис тайёрлайдиган барча таълим муассасалари талабаларига, илмий тадқиқот олиб бораётган изланувчиларга ва кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.

Китобни тайёрлаш жараёнида алоҳида аҳамият қаратилган масалалардан бири бу – ўзбек ҳуқуқшунослигининг яқин юз йиллик тарихида  аёлларимизнинг тутган ўрни, кўрсатган фидоийликларини бугунги  авлодга  ибрат  қилиб  кўрсатишдир.

Ўзбек оиласида туғилиб вояга етган, ўз бахтини ­элу юрт хизматида деб билган жонкуяр ва фидойи Хадича Сулаймонова, Мамлакат Восиқова ва Ҳалима Муҳитдиновалар ҳақли равишда халқимизнинг фахрига ­айланган.

 Янгиланаётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини амалда таъминлаш орқали жамият ҳаётида адолатни қарор топтиришдан иборатдир. Оила тимсоли, меҳр-муҳаббат ва эзгулик манбаи ­бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш — ўтказилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бошқарув тизимида фаолият юритаётган аёл ­раҳбарлар ҳиссаси сезиларли даражада ўсиб бораётганлиги ҳам ушбу саъй-ҳаракатлар самарасидир.

 Бугун суд тизимида 170  аёл судьяларимиз фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 24 нафари раҳбар судьялик лавозимларига тайинланган. Қайд этилган рақамлар одил судловни амалга оширишда аёл судьялар фаол иштирок этаётганини  кўрсатади. Тизимдаги аёл судьялар учун уч машҳур ўзбек ҳуқуқшунос аёлининг ҳаёти ва фаолияти намуна бўлса, ёш ҳуқуқшунослар учун  ибрат мактаби бўлиши  шубҳасиздир.

Китоб тақдимотида иштирок этган суд-ҳуқуқ тизими фахрийлари, прокуратура, адлия ва суд соҳаси ходимлари, таниқли олимлар, шоир-ёзувчилар сўзга чиқиб, ушбу китобнинг амалий аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech