21 Июнь 2021 1575

«Ўзбекистон жиноят ишлари бўйича судларида айбига иқрорлик келишуви” мавзусида судьялар учун халқаро тренинг ташкил этилди.

2021 йил 17 июнь куни Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби «Минтақавий мулоқот» ҲНН билан хамкорликда «Ўзбекистон жиноят ишлари бўйича судларида айбига иқрорлик келишуви” мавзусида судьялар учун халқаро тренинг ташкил этилди. Судьялар олий мактаби ва «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорликда ўтказилган мазкур тадбирда жиноят ишларини кўришда айбини бўйнига олиш тўғрисидаги келишув институти  хорижий тажрибаси, бу борада халқаро ҳуқуқий нормалар, Словения ва АҚШ жиноят судларида қўлланилиши самарадорлиги ва салмоғи, мазкур тартибни қўллашда юзага келадиган мураккабликлар ва уларнинг самарали ечими хусусида сўз юритилди.

Халқаро экспертлар фикрига кўра, айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув институти хорижий давлатларда суд ишларини ҳал этишда самарали қўлланилиб келинмоқда. Словения суд амалиёти Ўзбекистон амалиётига бир қанча яқин эканлиги ва мазкур янги тартибни қўллашда деярли ўхшашлиги таъкидланди. Лекин АҚШ амалиётининг ўзига хослиги Айбига иқрорлик битимининг фарқли жиҳатлари мавжудлиги кўрсатади. “АҚШ судлов қонунчилиги асосида айбланувчи ёки судланувчи томонидан айбига иқрорлик келишуви имзоланганида жабрланувчи, фуқаровий даъвогарнинг манфаатлари қай даражада ҳимоялангани масаласига тўхталиш лозим. Зеро ушбу жараёнида жабрланувчи, фуқаровий даъвогарнинг розилиги ёки қаршилиги келишувни амалга оширишда деярли инобатга олинмайди», — дейди АҚШ Федерал суди судьяси Айван Лемелл. Шу ўринда, халқаро экспертлар томонидан Ўзбекистонда амалда бўлган ярашув институтининг жабрланувчининг манфаатлари таъминланиши нуқтаи назаридан устунлик қилаётган ижобий жиҳатларига эътибор қаратилди.

Тадбирда иштирок этган миллий экспертлар ва Судьялар олий мактаби вакиллари томонидан Ўзбекистон суд амалиёти учун янги бўлган айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув институти самарали қўлланилиши учун унинг хорижий тажрибаси, ижобий ва салбий тарафларининг таҳлили ниҳоятда муҳимлиги таъкидланди.

Тренингда иштирок этган жиноят ишлари бўйича судьялар ва Судьялар олий мактаби тингловчилари -  бўлажак судьялар айбига иқрорлик келишуви борасидаги муҳокама сессияларида фаол иштирок этиб, ҳалқаро экспертларга қатор муҳим саволлар билан юзландилар. Хусусан, айбига иқрорлик келишувини имзоланишида адвокатларнинг ўрни, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилишида айбланаётган шахслар билан келишув тузишнинг ўзига хос жиҳатлари, дастлабки тергов босқичида тузилаётган айбига иқрорлик келишуви устидан суд назоратини самарали йўлга қўйиш зарурлиги ва бошқа муаммоли масалалар борасида мунозаралар бўлиб ўтди.  

Тренинг якунида тадбирдан қилинган хулоса ва таклифларга кўра, халқаро майдонда самарали қўлланилаётган ушбу процессуал институтнинг миллий жиноят-процессуал қонунчилигига киритилиши инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини янада ишончли ҳимоялаш жараёнидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилиши эътироф этилди ва бу борада халқаро хамкорликни конструктив давом эттириш борасида хорижий хамкорлар билан келишиб олинди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech