22 Июнь 2022 439

БЎЛАЖАК ТИНЧЛИК ПОСБОНЛАРИ БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ ТАФСИЛОТЛАРИ

Жорий йилни 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида юридик кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш мақсадида 2019 йил 7 февралда қабул қилинган ПҚ-4166-сон қарори билан ташкил этилган Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали битирувчилари билан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби директори ўринбосари Д.Ш.Исроилов иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда ҳадемай Филиалнинг илк битирувчилари 3 йиллик ўқишларини якунлаб, давлат имтиҳонларни топширишиб, Ички ишлар ва Миллий гвардия органларининг лейтенант махсус унвонли офицерлари сифатида профилактика инспекторлари лавозимларида хизматларини бошлаши, ИИБ профилактика инспекторлари соҳадаги ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳалла раисларининг жамоат хавфсизлиги бўйича ўринбосарлари ҳисобланиши ва ниҳоятда муҳим масала бўлган маҳалладаги жиноятчиликнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши кураш учун масъул эканликларига алоҳида урғу қаратилди.

Бтирувчиларнинг олдида бугунги глобаллашув шароитида мамлакатимиздаги тинчлик-хотиржамлик, жамоатчилик хавфсизлигини таъминлаш сингари катта масъулият вазифаси турар экан, ватанимиз тараққиётининг асосида бўлган бундай масъулиятли вазифани сидқидилдан бажаришлари учун хизмат мажбуриятларига қатъий бўйсунган ҳолда садоқат билан ишлари талаб этилиши уқтириб ўтилди. Айниқса, хизмат вазифасини бажараётганда, шунингдек, ишдан ташқари пайтда ҳам одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этиш зарурлиги, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишдан тийилишлари, корррупция ҳолатларига муросасиз бўлишлари ҳамда унинг олдини олиш ва қарши курашиш лозимлиги таъкидланди.

Талабалар томонидан эътироф этилганидек, амалиёт машғулотларда ИИВ ва Миллий гвардия органларида хизмат нақадар оғирлигини, доимо хизмат формада ва Устав бўйича хизмат қилишини хис қилишган. Беш йиллик хизматдан сўнг ёш офицерлар ҳуқуқшунос дипломига эга бўлиши, кейинчалик 34 ёшга тўлганда ва 7 йиллик юридик соҳада меҳнат стажига эга бўлишганда Судьялар олий мактабининг Судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш курсига ўқишга киришлари ва келажакда судья бўлишлари ҳам мумкинлиги тавсия тариқасида айтиб ўтилди. Шунингдек, улар чет тилларини ҳам ўрганиши бу замон талаби эканлиги тушунтирилди.

 

Синдбад ШАХОСМАНОВ:

Синдбад ШАХОСМАНОВ: – тақдир тақозоси билан мен ҳам ушбу муассасага ўқишга киришга муваффақ бўлдим ва ўша пайтда устозимиз Дилшод Исроилов кураторлигида ўқишни бошладим.

У кишининг саъй-ҳаракати билан кўплаб учрашувлар, Ички ишлар вазирлиги тизимидаги мутахассислар билан тренинглар, маҳорат сабоқлари ташкил этилиб, бир қанча “Мунозара йиғинлари” ўтказилган.

Бугунги учрашувимизда ҳам устозимиз ўзининг бой ҳаётий тажрибаси ва етакчи халқаро ташкилотлардаги фаолиятида тўплаган кўникмаларини амалий мисоллар асосида тушунтирди. Бу фикрлари келажакдаги фаолиятимизга ижобий таъсир кўрсатади.

 

Фазилат АБДУЛЛАЕВА – ушбу таълим муассасасига кириб биринчи ўқиш кунида янги дўстлар, ўқитувчилар, мураббийлар билан танишганизмизни эслайман. Вақт шунчалик тез ўтиб кетдики, ҳадемай биз амалиётда ишни бошлаймиз. Бугунги учрашувимиз иш бошлашимиздан олдин айни муддао бўлди. Иш жараёнида муваффақиятга эришиш учун қандай ҳаракат қилишимиз кераклиги ҳақида устоз бизга жуда кўп нарсани ўргатди. Хусусан, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия каби ҳуқуқ-тартибот идораларида қандай фаолият олиб бориш юзасидан бир қатор ҳаётий мисолларни келтириб ўтди.

Феруза ХУДАЙБЕРГАНОВА – учрашувда бизга катта ҳаётга қадам қўйиш борасида ўринли маслаҳатларни бердилар. Иш жараёнида ҳалолликка алоҳида эътибор беришни қайта-қайта таъкидладилар. Зеро, хизматимиз давомида кўплаб ноўрин ишларга даъват этилишимиз мумкинлиги, аммо биз уларга тўғри жавобни қайтаришимиз кераклигини, худди биринчи курсдаги каби, яна бир неча бор ёдимизга солдилар. Бизга вазифаларимизга масъулият билан ёндашиш, топшириқларни доим вақтида бажариш ва мунтазам қонун доирасида иш қилишимиз лозимлигини тайинлади. Шунингдек, кейинги фаолиятимиз давомида ҳам улар ҳамиша бизни эшитишга ва маслаҳатлар беришга тайёрлигини айтди. Биз эса ўз ўрнида уларнинг ўгитларига доим амал қилишга интиламиз.

Фаррух ХОДЖАТАЕВ – биз талабалар оила ва жамоатчилик кўз ўнгида улғайганмиз ва ўз ҳаёт йўлларимизни ўзимиз учун белгилаб олганмиз. Устозларимизнинг малакали мутахассис бўлишимиз йўлидаги меҳнатидан миннатдормиз. Учрашувда биз битирувчиларга давлат хизматида узоқ йиллар самарали ва хайрли ишлари учун омад тилашди ва тегишли тавсиялар беришди. Ушбу ҳаётий ўгитларни фаолиятимиз давомида ёдимиздан чиқармаймиз ва доимий амал қилишга ҳаракат қиламиз.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech