15 Июнь 2022 87

БЎЛАЖАК СУДЬЯЛАР БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА

Бугун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг жиноят ҳуқуқи йўналиши бўйича Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курси тингловчилари билан Олий мактаб директорининг ўринбосари Дилшод Исроилов ўртасида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Навбатдаги учрашув ҳам Янги Ўзбекистон, янги жамият судьясининг маънавий қиёфаси, билим ва тафаккури, унинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш омилларига бағишланди.
Учрашувда таъкидланганидек, судьянинг давлат ва жамият олдидаги энг муҳим вазифаси бўлган адолатни қарор топтириш учун у профессионал иш фаолиятини амалга оширишда мустақил бўлиши керак. Бирон-бир давлат органи ёки унинг мансабдор шахси судьянинг судьялик фаолиятига ноқонуний аралашмаслиги шарт.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини амалда таъминлаш сўнгги йиллардаги суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий йўналишларидан бирига айланди. Ривожланган демократик мамлакатларнинг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Кенгашнинг асосий вазифаларидан бири – судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш бўлиб ҳисобланади.
Юксак инсоний фазилатларга, замонавий дунёқараш ва мустақил фикрлаш қобилияти эга, билим ва тафаккури кенг бир сўз билан айтганда янги жамият талабларига жавоб берадиган судьялар корпусини шакллантиришга кўмаклашиш мақсадида Судьялар олий мактаби фаолияти йўлга қўйилди.
Айни пайтда Судьялар олий мактабида судьялик лавозимларига номзодларда назарий билимлар, касбий этика, психология, ишчанлик мулоқоти ва вақтни бошқариш кўникмалари, музокаралар олиб бориш тактикаси, ахборот билан ишлаш технологияси, ҳуқуқ нормаларига шарҳ бериш ва қўллашни ривожлантириш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Олий мактаб директори ўринбосари бўлажак судьяларга судьялик фаолияти бошланганидан кейин кундалик фаолиятида эътибор қаратиши лозим бўлган қуйидаги масалалар ҳақида тўхталиб ўтди:
- суд ишларини ташкил этиш ва юритишда процессуал қонун талабларига қатъий амал қилиш;
- доимий равишда кундалик иш фаолиятини танқидий таҳлил қилиб бориш;
- инновацион ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланган ҳолда иш самарадорлигини ошириш чораларини кўриш;
- мамлакатимиздаги очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик сиёсатидан келиб чиққан ҳолда, оммавий ахборот воситаларининг барча турлари, айниқса, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар билан фаол конструктив мулоқотни йўлга қўйиш;
- билим ва кўникмасини ошириш мақсадида ўзининг устида мустақил ишлаши, изланиши, мамлакатимиздаги суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий тенденциялари ҳамда бу борадаги илғор халқаро тажриба билан доимий равишда яқиндан танишиб бориш;
- илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланиши ва хорижий тилларни ўрганиши зарурлиги;
- судьялик фаолияти билан боғлиқ барча ишларини ўз вақтида сифатли қилиб бажариш ҳамда жамиятдаги обрў-эътибори (ижобий имиджи) юксалиши борасидаги изланишларига ҳам вақт ажратиш, умуман вақтдан унумли фойдаланиш ва вақтни бошқариш қобилиятига эга бўлиш.
Очиқ мулоқот давомида тингловчилар томонидан ҳам бир қатор таклиф-мулоҳазалар билдирилиб, улар ҳам қизғин муҳокама қилинди.
Учрашувни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад, бўлажак судьяларни касбга тайёрлаш, судьялик фаолияти ва ишдан ташқари пайтда учраб турадиган ҳар қандай мураккаб вазиятлардан оқилона қарор қабул қилиб чиқиб кетишга йўналтиришдан иборат.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech