28 Июнь 2022 389

СУДЬЯЛАР ОЛИЙ МАКТАБИ ХАЛҚАРО ЭКСПЕРТЛАР НИГОҲИДА

Судьялар олий мактаби Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан судьялар ҳамжамиятининг мустақил органи сифатида судьялар корпусини шакллантирадиган Судьялар олий кенгаши ҳузурида ташкил этилган. Ҳозирги вақтда, Олий мактаб судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларининг малакасини ошириш функциясини бажармоқда.   

Судьялар олий мактаби ташкил этилган даврдан бошлаб 132 нафар судьяликка номзодлар магистратура курсларида таълим олган бўлса, улардан 111 нафари, яъни 84.9 % судьялик лавозимига тайинланди. Ҳозирги кунда 75 нафар судьяликка номзодлар Олий мактабда таълим олишмоқда, қолаверса 897 нафар судья, яъни республиканинг 87% судьялари ҳамда 461 нафар суд аппарати ходимлари малакасини оширишди. Шунингдек, 100 га яқин халқаро ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда судьяликка номзодлар ҳамда судьялар учун маҳорат дарслари ва семинарлар ташкил этилди, одил судловнинг долзарб масалаларини тадқиқ қилиш мақсадида 50 га яқин халқаро ва 10 дан ортиқ республика тадбирлари ўтказилди. Судьялар олий мактабининг 30 яқин ходимлари хорижий давлатлар таълим муассасаларида билими ва кўникмаларини оширган ҳолда тажриба алмашиб келишди.

Таълим жараёнига бевосита юқори малакали судьялар, ҳуқуқшунос олимлар, соҳа мутахассислари ҳамда халқаро экспертлар жалб қилинмоқда. Тажриба алмашиш мақсадида хорижий давлатларнинг судьяларни тайёрлаш бўйича махсус таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкам ўрнатилган. Жумладан, хорижий давлатлардаги Судьялар олий кенгашлари ҳузурида бўлган қуйидаги таълим муассасалари Испания Судьялар олий мактаби, Болгария Судьялар миллий институти, Руминия Миллий магистратура институти, шунингдек мустақил юридик шахс мақомига эга бўлган Франция Миллий магистратура мактаби, Италия Одил судлов мактаби ҳамда Канада Миллий судьялар институти билан ҳамкорликда мунтазам тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, Судьялар олий мактабида Инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ кафедраси ташкил этилди ҳамда амалдаги ва бўлажак судьялар учун янги ўқув модули, яъни инсон ҳуқуқлари оид нормалар ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларининг қўлланилиши бўйича ўқув машғулотлари шакллантирилди.

Судьяларни тайёрлаш бўйича махсус таълим муассасасининг мавжудлиги ва унинг фаолияти жаҳон ҳамжамиятининг эътиборига тушиб, бундай ҳолат халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда. Хусусан бу борада, БМТнинг Судья ва адвокатларнинг мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачи Диего Гарсия Саян ўзининг видеоинтервьюсида “Суд ҳокимияти мустақиллигини ҳимоя қилиш ва адвокатлар фаолиятини эркин амалга оширишларини мустаҳкамлаш юзасидан Президент Шавкат Мирзиёев ўз лавозимига киришган кундан бошлаб биринчи қадам сифатида мустақил, холис ҳаққоний суд тизимини яратиб келмоқда. Бунга, судьяларни замон талабларига жавоб берадиган, етук мутахассислар қилиб тайёрлаш мақсадида, Судьялар олий кенгаши ҳузурида ташкил этилган Судьялар олий мактаби амалий мисол бўла олади. 

Ҳақиқатан  ушбу илмий таълим муассасаси суд тизимининг мустақил органи сифатида тан олинган институтнинг шаклланиши,  судьяларнинг янги авлодининг вужудга келишида, уларнинг бошқа томонлардан келадиган аралашувларни бартараф эта олишида, билим, салоҳият ва кучга эга бўлишларида, ҳамда суд тизимининг мустақил ва эркинлигини таъминлашларида муҳим вазифани бажармоқда. Алоҳида таъкидлаш керакки, бундай мактаб судьялар ва суд ҳокимияти мустақил институти сифатида ўз касбий мажбуриятларини ижро ва қонунчилик ҳокимиятлари ёки бошқа ташқи манбаларнинг таъсирисиз, аралашувисиз амалга ошириш имконини яратади. 

Судьялар мактабининг яратилиши муҳим қарорлар қабул қилишда индувидуал ва институциявий мустақиллигини мустаҳкамлашда муҳим қадамлардан бири деб ҳисоблайман. Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, Судьялар олий мактабининг Конституцион орган ва судьялар ҳамжамияти органи бўлган, ҳамда Ўзбекистонда судьялар ва суд ҳокимиятининг мустақиллигини кафолатлайдиган Судьялар олий кенгаши қошида ташкил этилгани судьяларини саралашда, тайинланишида, мустақил ва ҳаққоний судьялар ҳамжамиятининг шаклланишида,  назарий билим ва кўникмаларини амалиётда юқори натижалар билан кўрсата олишларига бўлган ишончларини кучайтиришда хизмат қилади. Кенгаш мактабнинг амалга ошираётган ишларига ва битирувчиларнинг амалда кўриб чиқаётган суд ишларига таянган ҳолда суд таълимини ва  суд вазифаларини амалга ошириш буйича  тавсиялар ишлаб чиқиши мумкин” деб фикрларини билдирган.

Шунингдек, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари –  Элчи Шарлотт Адриан ҳоним ҳам ўз интервьюсида “Биз ҳақиқатдан ҳам судьяларни тайёрлаш бўйича янги институтни, Судьялар олий мактабини кўриб турибмиз. Бу демократлаштириш босқичидаги энг муҳим ислоҳотлардан бири деб ҳисобланади. Биз Судьялар олий мактаби билан доимий ҳамкорликни амалга ошириб келганмиз ва албатта келгусида ушбу ҳамкорлигимизни давом эттирамиз. Мукаммал суд тизими шахс, жамият ва иқтисодий ривожланиш учун муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Аминмизки, Судьялар олий мактаби томонидан тайёрланаётган бўлажак замонавий билимли ва малакали судьялар суд тизими мустақиллигини таъминлашга хизмат қилишади”, деб фикр билдирган.

Дарҳақиқат, бу каби фикрларни нафақат юқорида қайд этилган хорижий мутахассислар, қолаверса БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска ҳамда Германиянинг халқаро ҳамкорлик бўйича жамияти (GIZ) раҳбари Йорг Пуделька, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси раҳбари Решард Комендалар ҳам айнан Судьялар олий мактаби фаолиятининг натижаларини бугун кўзга яққол кўринаётганлигини таъкидлашди.

Матильда

БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари – Элчи Шарлотт Адриан

БМТнинг Судья ва адвокатларнинг мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачи Диего Гарсия Саян

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech