7 Декабрь 2020 133

2020 йил 7 декабрь куни Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев иштирокида маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Убайдулла Мингбоев Конституциянинг давлат ва жамият тараққиётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида батафсил тўхталиб, қуйидаги фикр-мулоҳазаларни билдирди:

          “Конституциямиз қабул қилиниши жараёнида мен бевосита иштирок этганман. Унинг лойиҳасини ишлаб чиқиш учун ўша пайтда Биринчи Президентимиз раҳбарлигида йирик ҳуқуқшунос олимлар, давлат ва жамоат арбобларидан иборат нуфузли Комиссия тузилган эди. Менга ҳам ушбу Комиссияга аъзо бўлиш ва Конституция лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этиш насиб этган. Бундан ҳамиша фахрланаман.

Конституциямизда инсонпарварлик, адолат, ҳақиқат, эзгулик тамойиллари устуворлик касб этади. Шунинг учун ҳам бундан 28 йил аввал қабул қилинган Бош Қомусимиз Ўзбекистон тараққиётига ҳуқуқий пойдевор бўлиб, мамлакатимизни ривожланган демократик ҳуқуқий давлатлар қаторидан муносиб жой эгаллашида муҳим аҳамият касб этиб келмоқда.

          Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида Конституциямизнинг бир қатор моддаларига суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни самарали амалга ошириш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бунда асосий эътибор судни “адолат уйига айлантириш”га қаратилди.

Алоҳида таъкидлашни истардимки, Судьялар олий мактабининг магистрлари ушбу даргоҳни тамомлаб, келажакда судьядек шарафли ва масъулиятли касбда фаолият юритганингизда фақат ва фақат адолат, ҳалоллик ва поклик тамойилларига қатъий амал қилинг. Зеро, Сизларнинг самарали фаолиятларингиз билан жамиятда адолат устуворлигига эришилади.”

Учрашувда Судьялар олий мактабининг профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари ҳам Конституциянинг моҳияти, сўнгги йилларда амалга оширилаётган суд тизимидаги ижобий ўзгаришлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech