5 Октябрь 2020 1094

2020 йил 5 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида 2020-2021 ўқув йили учун магистратура таълим дастури бўйича ўқув курсининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

2020 йил 5 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида 2020-2021 ўқув йили учун магистратура таълим дастури бўйича ўқув курсининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирни Судьялар олий кенгаши раиси Х. Ёдгоров кириш сўзи билан очиб, қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.

Судьялар олий мактаби Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, бир сўз билан айтганда бугунги кун талабларига жавоб бера оладиган, профессионал ва етук судьялар корпусини шакллантиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди.

Мамлакатимиз тарихида илк бор ташкил этилган мазкур давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси олдига бир қатор муҳим вазифалар юклатилган.

Ўтган йили Судьялар олий мактабининг магистратура босқичини 60 нафар тингловчи муваффақиятли тамомлаган бўлса, бу йил 75 нафар тингловчи бу босқичга қабул қилинди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, 2019-2020 ўқув йилида магистратура таълим босқичини муваффақиятли тамомлаган Олий мактабнинг 20 га яқин илк қалдирғочлари айни пайтда судьялик лавозимларига тайинланиб, судьяликдек масъулиятли касбда фаолият юритишмоқда.   

Жорий йилнинг 16-17 сентябрь кунлари магистратура босқичининг 2020/2021 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан Олий суд билан биргаликда белгиланган квоталар бўйича судьялик лавозимлари захирасида бўлган 75 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ушбу имтиҳондан муваффақиятли ўтди ва магистратура босқичига тингловчи сифатида қабул қилинди.

Судьялар олий мактабида судьялик лавозимларига номзодларда назарий билимлар, касбий этика, психология, ишчанлик мулоқоти ва вақтни бошқариш кўникмалари, музокаралар олиб бориш тактикаси, ахборот билан ишлаш технологияси, ҳуқуқ нормаларига шарҳ бериш ва уларни қўллашни ривожлантириш каби муҳим йўналишлар бўйича таълим йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, тингловчиларнинг суд идораларида стажировка ўташини ҳар томонлама самарали ташкил этиш юзасидан янгича ёндашув асосида махсус дастур ишлаб чиқилган.

А. Навоий номидаги Давлат кутубхонаси ва баъзи бир хорижий мамлакатларнинг судьялар тайёрлаш бўйича таълим муассасалари билан электрон алоқа ўрнатиш имконияти яратилган.

Хулоса қилиб айтганда, Судьялар олий мактабида Давлатимиз раҳбари томонидан судьялар олдига қўйилган вазифа, яъни судни адолат уйига айлантиришга қодир бўлган судьяларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун зарур бўлган шароитлар яратилган. Судьяликка номзодларни, судьяларни ва суд ходимларини ўқитишнинг замонавий шакл ва услубларини қўллаб боришни давом эттирамиз.Ўқув амалиётидан келиб чиққан ҳолда бу борадаги ишларимиз янада такомиллаштирилиб борилади.

Олий мактаб магистратураси, судьялар ва суд ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш  курсларининг ўқув режалари ва дастурлари, малакавий талаблар асосида ишлаб чиқилган. Бу таълим даргоҳида ўқитишнинг замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида ташкил этиш, интерфоал ўқитиш услубларини таълим жараёнига кенг жорий этиш мақсадида  ўндан ортиқ халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар таълим муассасаларининг ваколатхоналари билан илмий-амалий, ўқув-услубий, ахборот алмашинув, моддий-техник соҳаларда хамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, Россия, Қозоғистон, Канада, АҚШ, Корея Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Япония ва бошқа давлатларнинг судьялар тайёрлашга ихтисослаштирилган муассасалари билан хамкорлик алоқалари йўлга ўрнатилган.

Тадбирда сўзга чиққан магистрлар Судьялар олий мактаби магистратурасини тамомлаб, “Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик ҳукмрон бўлиши лозим”, деган шиорга асосланиб фикрлашга ва ишлашга сўз беришди.

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech